Американинг Project CURE хайрия ташкилоти Қорақалпоғистондаги шифохоналарга ўнга яқин турдаги тиббиёт ускуналарини етказиб беришга тайёр, дея хабар қилди Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобов ҳамда ташкилот вакилларининг 24 июлда бўлиб ўтган учрашуви якунлари бўйича.

Project CURE — хайрия мақсадларида тиббиёт ускуналарини тарқатувчи дунёдаги йирик ташкилотлардан бири. Ташкилот фаолият дунёнинг 135 давлатини қамраб олган. Унинг фаолиятига 20 мингдан зиёд волонтёрлар жалб қилинган.

Project CURE вакиллари Оролбўйига жарроҳлик амалиёти столлари, диагностика ускуналари, гемодиализ қурилмалари билан жиҳозланган шифохона койкалари, ультратовуш текширувлари учун ускуналар, рентген сканерлари, янги туғилган чақалоқлар учун интенсив даволаш инкубаторлари, туғруқ ва ногиронлар ўриндиқлари, дефибрилляторлар, лаборатория жиҳозлари ва тиббий кислород баллонларини етказиб беришга тайёр.

Қорақалпоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Project CURE ўртасидаги ўзаро англашув ва ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумнинг имзоланиши алоқаларни йўлга қўйиш борасидаги биринчи қадам бўлади. Ушбу ҳужжат асосида Америка ташкилоти республикага Оролбўйи ҳудудидаги тиббиёт муассасаларининг аниқ эҳтиёжларини ўрганиш учун баҳолаш миссиясини юборади.

Миссия Қорақалпоғистонга етказиб бериладиган воситаларнинг тўлиқ рўйхатини шакллантиради. Етказиб беришда Оролбўйи шифохоналарининг технологик ва кадр имкониятлари ҳисобга олинади. Яъни, айрим ускуналарга қўшимча бутловчи қисмларни (аккумуляторлар, стабилизаторлар, генераторлар ва бошқалар) қўшиш, шунингдек, улардан фойдаланиш бўйича қисқа муддатли курслар ўтказиш режалаштирилмоқда.