«Озодлик» радиоси Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида 5−6 нафар ички ишлар органлари ходимларининг бузилаётган уйда яшовчи қизалоқ ва болани мажбуран ташқарига олиб чиқаётгани тасвирланган видеони эълон қилди.

Видеоёзувда қиз ва боланинг уйни тарк этишдан бош тортаётгани кўриниб туради. Ходимлардан бири улар барибир уйдан чиқарилишини айтади. Бола эса шу ерда қолишини айтади.

Кейин эса ходимлар ярми бузилган бино ичига кириб, қоронғуда кўринмай қолади. Бир неча сониялардан сўнг боланинг овози эшитилади: «Дада, дада!» Бу вақтда уйни бузаётган экскваторнинг ишлаётгани кўриниб туради.

Яккабоғ ИИБга мурожаат қилган «Газета.uz"га ҳодиса ҳақида маълум эмаслиги ва ўрганилиши маълум қилинди. Қайд этиш жоизки, воқеанинг қачон содир бўлгани номаълум.

Бузиш ишлари «Обод қишлоқ» давлат дастури доирасида олиб борилаётгани тахмин қилинмоқда. Аввалроқ туман ҳокимияти дастур доирасида йўллар кенгайтирилиб, кўча чироқлари ўрнатилиши, пиёдалар йўлаклари, автотураргоҳлар, янги савдо шохобчалари қурилиши ҳақида маълум қилган эди.

Эслатиб ўтамиз, 20 июль куни Яккабоғ туманида тадбиркор ҳоким ўринбосари устига бензин сепиб, ёқиб юборган эди. У ўзининг кредит маблағлари ҳисобига қурилган икки қаватли дўкон ва цехини ҳимоя қилишга уринди. Тадбиркор бинонинг товон пули тўланмасдан туриб бинонинг «Обод қишлоқ» дастури доирасида бузилишига қаршилик қилган, ҳоким ўринбосари эса булдозерга ўтириб, ушбу объектни бузмоқчи бўлган эди.