Ўзбекистон президентининг куёви, давлат раҳбари хавфсизлик хизмати бошлиғининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров автомобиль ойналарини қорайтириш мавзусида фикр билдирди.

«Менга «Инстаграм"даги саҳифам орқали баҳсли мавзу — тонировка борасида жуда кўп мурожаат келиб тушмоқда», — дея ёзди бир кун аввал автомобиль тезлигини ошириб юборганини тан олиб, жарима тўлангани тўғрисидаги фотосуратни эълон қилган Отабек Умаров.

«Шу сабабли ва бу актуал мавзунинг қисман хавфсизлик масаласи билан боғлиқлиги учун ўз фикримни билдиришга қарор қилдим. Фикримча, тонировка мавзуси Ўзбекистон шароитида долзарб ва ўринли кўтарилган. Чунки юртимизда иқлим шароити ёз ойлари, айниқса, чилла пайти жуда оғир бўлади», — деди у.

«Масаланинг муҳим эканлигини ҳамда Интернет тармоқлари орқали жамоатчилик, блогерлар ва депутатлар мурожаатларини инобатга олиб, биз мутасадди давлат идораларига бу масалани амалиётга жорий қилиш юзасидан тегишли тавсиялар бердик. Ҳозирда тонировка мавзуси бошқа давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, ҳар томонлама кўриб чиқилмоқда», — дея ўз фикрини давом эттирди Отабек Умаров.

«Хавфсизлик нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, шуни алоҳида айтмоқчиманки, бизда ушбу йўналишда ҳамма зарур чоралар ишлаб чиқилган ва ижроси таъминланган. Автоулов тонировкаси хавфсизлик масалаларини ҳал қилишда ва таъминлашда бизга тўсиқ бўлолмайди», — деб ёзди президент хавфсизлик хизмати бошлиғининг биринчи ўринбосари.

Ўзбекистонда 2018 йил 1 августдан пулли асосда машиналар ойналарини қорайтириб юришга рухсат берилган эди. Май ойида ноқонуний тонировка учун жарима миқдори ЭКИҲнинг 1 бараваридан 25 бараварига қадар оширилди.

«Ахир биз рухсатсиз ойналарни қорайтириб олган ҳайдовчининг қаерда ва нима иш билан шуғулланаётганини билмаймизку. Кўпчилигида бошқа мақсадлар бўлиши мумкин», — дея изоҳ берган эди ИИВ ЙҲХБ бошлиғи ўринбосари Эрали Бозоров ушбу қарорга изоҳ берар экан.