Ўзбекистон президентининг куёви Отабек Умаров Tesla автомобилида тезликни оширгани учун 1,8 млн сўм миқдорида жарима тўлади. Бу ҳақда у ўзининг Instagram-саҳифасида маълум қилди.

19 июлда тузилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома фотосуратидан кўриниб турибдики, Отабек Умаров Йўл ҳаракати қоидаларининг 78-бандини (аҳоли пунктларида транспорт воситаларининг тезлигини соатига 70 километрдан, турар жой даҳалари ва ёндош ҳудудларда эса соатига 30 километрдан оширмасдан ҳаракатланишга рухсат этилади) бузган.

Жарима Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128−3-моддаси 3-қисми (транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини соатига 40 километрдан ортиқ катталикда ошириб юбориши, — энг кам иш ҳақининг тўққиз баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади) бўйича тайинланди.

Жума куни «Озодлик» радиоси аввалроқ Отабек Умаровнинг Instagram-аккаунти Stories бўлимида жойлаштирилган видеони эълон қилган эди. Видеода унинг Tesla автомобили тезлигини соатига 201 км/соатгача чиқарган.

Фотосуратга президент хавфсизлик хизмати раҳбарининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатувчи Отабек Умаров журналистлар ва блогерлар реал ҳаётда бор муаммоларни кўтариб чиқараётгани таъкидлаб, буни мамлакат президенти илгари сураётган очиқлик сиёсати ва сўз эркинлиги билан боғлаган.

«Сизлар жамиятда рўй бераётган воқеаларга бефарқ эмаслигингиз, одамларнинг мавқеи ва лавозимидан қатъи назар танқид қилаётганингиз бизни ўз устимизда янада кўпроқ ишлашга ва тартибга риоя қилишга чақиради. Бугуноқ барча жарималар тўланди. Қонун барча учун баробар!» — деб ёзди Отабек Умаров.

У маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг жонкуяр ходимларига ўз миннатдорчилигини билдирди.