Жаҳон банки (ЖБ) 2019 йилда Ўзбекистон Ялпи ички маҳсулоти ҳажмини ўсишини январда прогноз қилинган 5,1 фоиздан 5,3 фоизгача оширди. Бу ҳақда ЖБнинг Европа ва Марказий Осиё ҳудудидаги иқтисодий вазият тўғрисидаги ҳисоботида сўз боради.

2020 йилда ЯИМ ўсиш кўрсаткичлари 5,5 фоизлигича сақлаб қолинди, 2021 йилда эса ЖБ 6 фоизлик ўсишни кутмоқда. Ўзбекистон иқтисодиёти бўйича прогнозлар ижобийлигича қолмоқда.

Жорий йилда мамлакатда инфляция даражаси, ЖБ прогнозларига кўра, 14,8 фоизни ташкил этади. Ўзбекистон Марказий банки, ўз навбатида, йиллик инфляцияни 13,5−15,5 фоиз даражасида бўлишини прогнозлади.

Аввалроқ Осиё тараққиёт банки 2019 йилда Ўзбекистон ЯИМ ҳажмини 2018 йил сентябрида тахмин қилган 5 фоиздан 5,2 фоизга оширган эди.

Март бошида эса Халқаро валюта жамғармаси 2019 йилда Ўзбекистон ЯИМ ўсиши прогнозини 2018 йил ноябрда эълон қилган 5 фоиз ўрнига 5,5 фоизга оширди.