19 март куни Чирчиқ дала ўқув майдонида Мудофаа вазирлиги қўшинларини 2018−2021-йилларда ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар билан бутлаш, уларни таъмирлаш ва модернизация қилиш бўйича тасдиқланган чора-тадбирлар комплекс дастурига мувофиқ янги ҳарбий техникалар қўшинларга фойдаланиш учун йўл олди. Бу ҳақда вазирдик матбуот хизмати хабар берди.

Тантанали тадбирда Ўзбекистон мудофаа вазирининг қурол-аслаҳа ва қуроллантириш бўйича ўринбосари полковник Ойбек Исмоилов, Тошкент ҳарбий округи қўшинлари қўмондонлиги вакиллари ҳамда ҳарбий техникаларни қабул қилган ҳарбий хизматчилар иштирок этди.

Жами икки юзга яқин ҳарбий техника ва қурол-аслаҳа намуналари кейинги фойдаланиш учун тантанали равишда қўшинларга топширилди. Улар орасида юк, озиқ-овқат маҳсулотларини ташиш, ҳарбий хизматчиларга тез тиббий ёрдам кўрсатишга мўлжалланган ҳарбий транспорт техникалари мавжуд.

Ушбу ихтисослашган ҳарбий транспорт техникаларнинг аксар қисми Мудофаа вазирлиги буюртмасига асосан махсус Ўзбекистонда йиғилган.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Мудофаа доктринасида қўшинларни замонавий қурол-аслаҳалар ва ҳарбий техникалар билан таъминлаш ҳамда мустақил мудофаа-саноат мажмуасини яратиш кўзда тутилган эди.