Қозоғистон Молия вазирлиги тўртта давлат олий таълим муассасасидаги давлат улушини сотувга қўйди. Бу ҳақда давлат реестри сайтидаги маълумотлар гувоҳлик бермоқда.

Абилай Хан номидаги Қозоғистон халқаро муносабатлар ва жаҳон тиллари университети, Қозоғистон бош архитектура-қурилиш академияси, О.А.Байконуров номидаги Жезқазған университети ҳамда Олма Ота энергетика ва алоқа университетидаги давлат улушлари сотувга қўйилган.

Қайд этилишича, учта ОТМдаги давлат улуши 35 фоиз, Олма Ота энергетика ва алоқа университетида эса 33,65 фоизни ташкил қилади.

Тақдим этилган рўйхатдаги энг қиммат ОТМ архитектура-қурилиш академияси бўлиб, унинг бошланғич баҳоси 2,5 млрд тенгедан иборат. Халқаро муносабатлар университети баҳоси 1,7 млрд тенгедан бошланса, Энергетика ва алоқа университети — 1,4 млрд тенге ва ЖезУ — 336 млн тенге.

Савдолар 7 март куни аукцион услубида бошланади ва нархлар ошиб боради.