Humo миллий чакана тўлов тизими Тошкентда Visa ва Mastercard карталарини қабул қилувчи 1000 дан ортиқ банкомат ва 100 мингдан зиёд тўлов теминаллари ўрнатишни, кейинчалик бутун республикани босқичма-босқич қамраб олишни режалаштирмоқда, дея хабар қилди Ўзбекистон Марказий банки бошқаруви раиси Мамаризо Нурмуродов чоршанба куни бўлиб ўтган Халқаро пресс-клуб мажлисида.

Унинг сўзларига кўра, айни вақтда «Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида"ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Ушбу қонун PayPal каби электрон тўлов тизимларини Ўзбекистонда лицензия асосида ишлашига имкон беради.

«Биз тўлов тизимлари тўғрисидаги янги қонунни ишлаб чиқмоқдамиз. PayPal каби тизимлар Ўзбекистонда лицензия асосида ишлайди. Humo тизими иш бошлаши билан Visa, Mastercard, China UnionPay ва бошқа халқаро тўлов тизимлари биз билан ишлашни бошлайди. [Сайёҳларга] Ўзбекистонга келишдан аввал сўмга конвертация қилиш ҳақида ўйлашларига ҳожат қолмайди, бунинг учун биз шароитлар яратамиз», — деди Мамаризо Нурмуродов.

МБ раҳбари шу мақсадда бутун Ўзбекистонга халқаро тўлов тизимлари карталарини қабул қилувчи 1000 дан ортиқ банкоматлар олиб келинишини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, тижорат банклари 400 та шундай банкоматни олиб келиб бўлди.

«Барча терминаллар сўмдаги Humo карточкаларини ва халқаро пластик карталарни қабул қилади. 1 мартдан 1 апрелга қадар Тошкентда шу уч турдаги 100 мингдан ортиқ терминалларни жорий этишни якунлаймиз», — деди у.

«Ҳозир бизда ҳамма жойда бир хил терминаллар. Эндиликда йирик савдо нуқталари, супермаркетларда смарт PIN-падлар ўрнатилади — бу биринчи кўриниши. Иккинчи кўриниши — мобил терминаллар (POS-терминал). Учинчи кўриниши — стационар терминаллар. Барча қурилмалар алоқасиз тўловларни қўллаб-қувватлайди», — деди Марказий банк раиси.

Мамаризо Нурмуродов алоқасиз тўловларни жорий этиш бўйича ҳам ишлар бошланганини маълум қилди. Бунда харидлар учун картани терминалга киритиш ва PIN-код киритишга ҳожат қолмайди.

«Метрополитенни шу каби карточкаларни қабул қилувчи шу каби терминаллар билан тўлиқ таъминлаймиз», — дея қўшимча қилди Марказий банк раҳбари.