Каттақўрғон ва Жомбой туманларида шифокорлар қасамёд қабул қилиш маросими ўтказилганидан сўнг Самарқанд вилояти ҳокимияти уларни тўхтатишга буйруқ берди, дея хабар қилди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ходими «Газета.uz"га.

"Таклиф 9 ноябрь куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида тилга олинган эди. Раҳбарият бизга шифокорлар қайтадан қасамёд қилсин, деди. Шундан сўнг вилоят ҳокими анжуманлар залига йиғиб, тиббиёт ходимлари ўз устида ишлашга, эскича ёндашувлардан воз кечиш ва халққа виждонан хизмат қилишга ўзи ва жамоатчиликка ваъда беришлари кераклигини айтди. Ҳеч ким қасамёд қабул қилишни талаб қилмади, лекин айрим бош шифокорлар бу тадбирни оммавий ташкил этган. Биз дарҳол буни тўхтатишга буйруқ бердик", — деди ўзини таништиришни хоҳламаган суҳбатдош. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу хабарга изоҳ беришдан бош тортди.

Суҳбатдошнинг сўзларига кўра, тиббиёт ходимларидан раҳбариятга қасамёд қабул қилиш сўралмаган. «Уларга ҳар бири ўзига ва халқига ҳалоллик билан ишлашга сўз беришини сўрадик. Матнларни бош шифокорларнинг ўзлари ўйлаб ёзишган, ҳокимиятнинг бунга алоқаси йўқ», — деди Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси вакили.

Каттақўрғон ва Жомбой туманларида вилоят ҳокими в. б. Эркинжон Турдимов иштирокида қасамёд қабул қилиш маросимлари бўлиб ўтган. Биринчи тадбирда 150 нафар ҳамшира ва 150 нафар шифокор қатнашган. Самарқанд вилояти ҳокимияти матбуот хизмати хабарида «тиббиёт ходимлари кенг жамоатчилик олдида қасамёд қабул қилгани» ёзилган.

Жомбой туман тиббиёт бирлашмаси ходимлари қасамёди (видео) матни фуқаролар соғлиғини муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонуннинг 44-моддасида қайд этилган тиббиёт олий таълим муассасалари битирувчилари қасамёдидан фарқ қилади. Унга «халқим, давлатим ва президентим олдида қасамёд қиламан» сўзлари қўшилган.

Тиббиёт бирлашмаси ходимларидан бири қасамёд матнини ўқиганидан сўнг ҳамширалар ва шифокорлар 12 маротаба «Қасамёд қиламан!» дея баланд овозда такрорлашди.

Шифокорларнинг қасамёд қабул қилиш маросими Сурхондарё вилоятида ҳам бўлиб ўтди. Тадбирдан олинган фотосуратлар ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди.

Ноябрь ойи ўрталарида эса Сирдарё вилоятининг барча туманларида фермерларнинг қасамёд қабул қилиш маросимлари ўтказилди. Аввал хабар қилинганидек, фермерлар ўз касбига содиқ бўлиш, мамлакат тараққиётига ҳисса қўшиш ва инсофсиз ишлар билан шуғулланмасликка қасамёд қилишди.

Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва ер эгалари кенгаши нима учун фермерлар қасамёд қабул қилганига изоҳ бера олмади.

Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Мақсуда Ворисова фермерларнинг қасамёди қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, ҳосилдорликни оширишига шубҳа қилди. У фермерларни қасам ичишга мажбурлаш орқали уларга «маънавий чеклов» қўйилаётганини айтиб ўтди.