Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган енгил автомобиллар импортига нисбатан субсидияга қарши текширувлар тўхтатилди, дея хабар беради Украина Иқтисодий ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати. Қарор 3 декабрь куни мамлакатнинг Халқаро савдо бўйича идоралараро комиссияси йиғилишида қабул қилинди.

Эслатиб ўтамиз, октябр ойининг бошида «Укравтопром» Украина автомобиль ишлаб чиқарувчилари уюшмасининг шикояти асосида идоралараро комиссия Ўзбекистон автомобиллари импортига нисбатан субсидияга қарши текширувни бошлаган эди. Унда ўзбек ишлаб чиқарувчиси Ўзбекистон ҳукуматидан субсидиялар олиши мумкинлиги, бу эса Украина автомобиль ишлаб чиқарувчилари учун тенг шарт-шароитлар яратмаслигига олиб келаётгани қайд этилган эди.

Мамлакатнинг иқтисодий регулятори баёнотига кўра, тергов давомида Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси расмий баёнотлар берган.

Ўзбекистон президентининг 2008 йил 21 августдаги «Чет эл инвестициялари иштирокида корхонани ташкил этиш тўғрисида"ги фармонига мувофиқ, ўзбек ишлаб чиқарувчиларига 2017 йил охиригача имтиёзлар берилган. 2018 йилдан буён улар кучга эга эмас, дейилади хабарда.

Ўзбекистон ташқи савдо вазирлиги ҳам Украина томонига Украинадаги ўзбек автомобилларининг асосий улушини Украинада ишлаб чиқарилмайдиган «А» синфидаги автомашиналари ташкил этишини маълум қилган эди.

Украина Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2017 йилда мамлакатга 13940 та янги машина импорт қилинган бўлиб, улардан 2823 таси Ўзбекистондан. Бироқ 2018 йил январь-август ойларида Украина ҳудудига 7808 та машина импорт қилинган ва улардан фақат 702 таси Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган.

Шундай қилиб, Иқтисодий тараққиёт вазирлигининг қайд этишича, 2018 йилда 2017 йилга нисбатан Ўзбекистон автомобилларининг умумий импортдаги улуши 20,3 фоиздан 9 фоизгача камайди, 2018 йилнинг сўнгги ойларида Ўзбекистондан импорт деярли йўқ.

Халқаро савдо бўйича идоралараро комиссия компенсация чораларини қўллаш зарур эмаслигини аниқлади ва Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган енгил автомобиллар импортига нисбатан субсидияга қарши текширувларни тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Аввалроқ Ўзбекистон Украинада ишлаб чиқарилган товарларни божхона расмийлаштирувидан ўтказишни тўхтатгани тўғрисида ёзган эдик. Жумладан, элчи Юрий Савченко украин фармацевтика ишлаб чиқарувчиларига таяниб, Ўзбекистон дори воситаларини божхона расмийлаштирувидан ўтказишни тўхтатганини маълум қилди.

Бундан ташқари, 1 декабрда Украина Шакар ишлаб чиқарувчилари миллий ассоциацияси («Укрцукор») ҳам Ўзбекистонга етиб бораётган шакар ва бошқа маҳсулотлар ҳам тушириб олинмаётгани ва божхона расмийлаштирувидан ўтказилмаётганини маълум қилди.