Осиё бокс конфедерацияси (ASBC) қитъада йилнинг энг яхшиларини аниқлаш мақсадида сўровнома ташкил қилди. Бир неча йўналишларда спортчилар энг яхши бўлиш учун кураш олиб бормоқда. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.

«Йилнинг энг яхши боксчиси» номинациясида икки нафар спортчи даъвогарлар қаторида қайд этилди. Жакартадаги Осиё ўйинлари ғолиблари Исроил Мадримов ва Иқболжон Холдоров бу борада номзод бўлиб турибди.

Аргентина олимпиадаси, жаҳон ва Осиё чемпионатлари ғолиби Абдумалик Халаков қитъада «Йилнинг энг яхши ёш боксчиси» бўлиши мумкин.

Бутунжаҳон бокс сериясида иштирок этган энг яхши осиёлик боксчи бўлиш учун номзодлар қаторида Баҳодир Жалолов ва Шаҳобиддин Зоиров қайд этилди.

«Осиё боксида йил кашфиёти» номинациясида Осиё ўйинлари ғолиби Миразизбек Мирзахалилов, шунингдек кумуш медаль соҳиби Шунқор Абдурасулов ҳам кураш олиб боради.

«Осиёда йилнинг энг яхши техник мутахассиси» бўлиш учун яна бир ўзбекистонлик Дилшод Казаков давогарлик қилмоқда.

Қитъанинг энг яхши ҳаками бўлиш учун эса Александр Ҳамидов кураш олиб боради.

Осиё ўйинларида 7 та имкониятдан 7 та медаль жамғара олган Ўзбекистон бокс федерацияси ҳам қитъада йилнинг энг яхши федерацияси бўлиш учун номзод бўлди.