GM Uzbekistan ҚК нархлар оширилиши кутилаётгани муносабати билан автомобиллар савдосини тўхтатди, дея хабар қилди ЎзА компания матбуот хизматига таянган ҳолда.

30 июль куни бўлиб ўтган Халқаро пресс-клуб мажлисида «Ўзавтосаноат» раиси Шавкат Умурзоқов автомобиллар нархлари ўртача 14 фоизга оширилишини маълум қилган эди.

Жамоатчиликнинг қизғин норозилигидан сўнг компания нархлар 1 августдан ошмаслигини эълон қилди.

ЎзА кузатувларига кўра, автосалонларда машина сотиб олишга шартномалар тузиш тўхтатилган. Бундан ташқари, автобозорларда нархларнинг кўтарилгани қайд этилмоқда.

«GM Uzbekistan автомобиллари нархлари ўзгаргани йўқ. 30 июль куни Халқаро пресс-клубда муҳокама қилинган нархларни ошириш масаласи айни пайтда тегишли ташкилотлар ва мутахассислар билан ҳамкорликда салбий ва ижобий оқибатлари ҳисобга олинган ҳолда ҳар томонлама ўрганилмоқда. Нархларнинг оширилиши кутилмоқда, аниқ нархлар белгилаб олинмагани сабабли шартномаларни имзолаш тўхтатилди», — дейилади баёнотда.

GM Uzbekistan матбуот хизмати вакили ижтимоий тармоқларда тарқалган нархлар ҳақиқатга тўғри келмаслиги, чунки янги нархлар ҳали белгиланмаганини маълум қилди.