Ўзбекистон давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ва Туркия Энергия ва табиий ресурслар вазирлиги минерал ресурсларни ўрганиш ва тадқиқ қилиш Бош бошқармаси «Хуроб» ва «Айдим-Жетимтоу» олтин майдонлари ҳамда Саритоу конининг геологик жиҳатдан ўрганишни келишиб олди.

Геология қўмитасидан «Газета.uz"га хабар қилинишича, бу борадаги битим душанба куни Ўзбекистон ва Туркия президентлари Шавкат Мирзиёев ва Ражаб Таййип Эрдўғоннинг музокаралари доирасида имзоланган.

Геологик тадқиқот ишлари жорий йилданоқ бошланиши кутилмоқда. «Хўроб» (Жиззах вилояти) ва Айдим-Жетимтау (Навоий вилояти) олтин конларининг захиралари ҳали ўрганилмаган. Саритоу конидаги вольфрам захираси миқдори 740 минг тоннага, молибден — 24 минг тоннага, олтин эса 75,2 тоннага баҳоланган.

Учта объектни тадқиқ этиш учун уч йил давомида 5 миллион доллар сарфланади. Инвестициялар Туркия томонидан геология қидирув ишларининг натижалари асосида амалга оширилади.