Тошкент шаҳар ёнғин хавфсизлиги ва фавқулодда вазиятлар бошқармалари чоршанба куни Тошкентдаги тўртта йирик савдо-кўнгилочар мажмуа — Next, Samarqand Darvoza, Mega Planet ва Magnit`да ходимлар учун амалий машғулотлар ўтказди. Бу ҳақда пойтахт ИИББ сайтида хабар қилинди.

СКМлар ходимлари ёнғин содир бўлганида ҳаракатланиш, ёнғиннинг эҳтимолий ўчоқларини бартараф этиш ва фуқароларни тезкор эвакуация қилиш йўлларини ўрганмоқда.

Президентнинг 2017 йил 23 майдаги қарори билан Ўзбекистонда ҳафтанинг ҳар чоршанба куни ёнғинлар профилактикаси куни деб эълон қилинган.

Якшанба куни Кемерово шаҳридаги (Россия) «Зимняя вишня» савдо мажмуасидаги йирик ёнғиндан сўнг Тошкентдаги йирик савдо-кўнгилочар мажмуаларда ёнғин-профилактика текширувларини ўтказиш тавсия қилинди.