Россиянинг Кемерово шаҳрида ўнлаб кишиларнинг ўлимига сабаб бўлган фожиадан сўнг Ўзбекистонда савдо марказлари, кўнгилочар мажмуалар ва шу каби объектлар текширувдан ўтказилади. Бу ҳақда Тошкент ИИББ Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси «Газета.uz"га хабар қилди.

Сешанба куни кечқурун Тошкент маъмуриятида ушбу масалага бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда савдо мажмуалари, уларга тенглаштирилган бозорлар ва одамлар оммавий йиғиладиган бошқа объектларда ёнғин-профилактика текширувлари ўтказилиши маълум қилинди.

Асосий эътибор эвакуация йўлларининг ҳолати, ёнғиндан хабар бериш, тутун чиқариш тизимлари, ҳаракатланиш йўналишлари кўрсаткичлари ва авариядан огоҳлантириш тизимлари иш ҳолатига қаратилади. Шунингдек, савдо марказлари ходимларининг ёнғин вақтидаги ҳаракатларга тайёргарлиги текширувдан ўтказилади. Текширувлар якунлари бўйича камчиликларни бартараф этиш бўйича тавсиялар берилади.

Тошкентда айни пайтда 40 га яқин савдо марказлари ва кўнгилочар мажмуалар мавжуд. «Ҳозир рўйхат тузилмоқда. Текширувлар ҳоким қарори қабул қилиниши биланоқ бошланади. Келгусида профилактик тадбирлар кинотеатрлар ва одамлар кўп миқдорда йиғилувчи бошқа объектларда ҳам ўтказилади», — деди ИИББ ЙХБ вакили.