Ноқулай об-ҳаво, қалин қор, йўлларнинг сирпанчиқлиги сабабли Қамчиқ довонининг юқори қисмида чоршанба куни транспорт воситалари ҳаракати чекланган тартибда ташкил этилди. Йўлларни қор уюмларидан тозалаш мақсадида транспортлари кам миқдорда ўтказиб турилди.
Довонга жойлаштирилган махсус хизматлар томонидан автойўлнинг ўтиш қисмида олиб борилган тозалаш ишларидан сўнг 17:20 дан бошлаб штат режимида икки йўналишда ҳаракатланишга рухсат берилди.
Ўзбекистон ФВВ маълумотларига кўра, ҳаракат чекланган даврда ҳайдовчилар ва йўловчиларнинг исинишлари учун шароитлар яратилди. 70 нафардан ортиқ киши доимий фаолият кўрсатувчи постларга, 1800 га яқин киши эса 45 та умумий овқатланиш масканларига жойлаштирилиб, иссиқ чой ва таом билан таъминланди. 29 нафар бола оналари билан оналар ва болалар хоналарига жойлаштирилди.
44 та автотранспорт воситаси қор уюмлари орасидан чиқариб олиниб, уларнинг 6 донаси эвакуаторлар ёрдамида техник таъмирлар пунктларига етказилди. Ҳаракатланувчи автомобилларга ёнилғи қуйиш станциялари фаолияти ташкил этилди. 25 нафардан зиёд ҳайдовчи ва йўловчиларга тиббий ва психологик ёрдам кўрсатилди.
Довонда сирпанчиқлар юзага келиши ва кўриниш даражасининг ёмонлашуви эҳтимоли сақланиб қолмоқда. Шу муносабат билан ҳайдовчи ва йўловчилардан эҳтиёт чораларини кўриш сўралмоқда.

Қамчиқ довонидаги об-ҳаво ҳақидаги об-ҳаво маълумотлари ФВВ сайтида, вазирликнинг Facebook саҳифаси ва Telegram-каналида эълон қилиб блрилмоқда.