Президент Шавкат Мирзиёев ер усти ҳалқа метро линияси қурилиши лойиҳасини тезлаштиришга топшириқ берди, дея хабар қилди «Ўзбекистон 24» телеканали «Ахборот 24» дастури.

Эслатиб ўтамиз, май ойида Президент 2017−2021 йилларда пойтахтда электрлаштирилган тезюрар ҳалқа темир йўли қурилиши лойиҳасини тасдиқлаган эди. Октябрда лойиҳанинг қайта кўриб чиқилгани, унга кўра электричка ўрнига эстакада типидаги ер усти метроси қурилиши маълум бўлди.

Умумий узунлиги 52,1 километрдан иборат мазкур метро йўналишининг 50,5 километри баландлиги 6 метрлик эстакадалар орқали ўтказилади, 1,6 километри ер устида қурилади. Лойиҳани 2021 йилда тугатиш режалаштирилган эди, бироқ Шавкат Мирзиёев янги линияни 2020 йилгача фойдаланишга топширишга кўрсатма берди.

Лойиҳанинг биринчи беш босқичида қуйидаги линиялар қурилади:

  • «Дўстлик» метроси — Қўйлик бозори;
  • Қўйлиқ бозори — «Олмазор» метроси;
  • «Олмазор» метроси — «Беруни» метроси;
  • «Беруний» метроси— «Бодомзор»;
  • "Бодомзор" — «Дўстлик» метроси.

Мазкур босқичлар доирасида 32 та эстакадали ва 2 ер ости станцияси қурилади. Учта вагон депоси ва ўнлаб подстанциялар бунёд этилади. Қурилиш ишларида 8000 га яқин мутахассисларнинг жалб этилиши режалаштирилган.

Шу ойдан бўлғуси «Дўстлик» ва «Қўйлиқ» станциялари ўртасидаги 11 км лик узунликдаги участкада ишлар бошланди.

Ҳалқа линияда 45 та поезд ҳаракатланиши, улар бутун йўлни 1 соату 10 дақиқада босиб ўтиши режалаштирилган. Ҳаракат оралиғи ўртача 4 дақиқа, ўртача тезлик эса 60 км/с бўлади.

«Биз қурилиш жараёнида 90 фоиз кўчалар очиқ бўлишига эришдик, бирорта ҳам турар жой биноси бузилмайди. Буларнинг барчаси аҳолига қулайлик яратиш, йўллардаги тирбандликларни қисқартириш, одамлар ҳаётини енгиллаштириш мақсадида қилинмоқда», — дея Президент сўзларидан иқтибос келтирди теледастур.

Дастлабки тақдим этилган тасвирлардан келгусида 2020—2025 йилларда — қўшимча метро линияси қурилишини билиш мумкин.

Видео