Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев шанба куни Жиззах вилояти Зарбдор туманига ташриф буюрди, деб хабар қилди ЎзА. Шавкат Мирзиёев «Тараққиёт манзараси» фермер хўжалиги дала шийпонида вилоят мутасаддилари, фермерлар билан учрашди.

Тадбирда вилоятда пахта йиғим-терими мавсумини самарали ташкил қилиш, такрорий экинлар мониторинги, қишлоқ хўжалиги соҳасида кутилаётган ҳосил ва даромад, барча тоифадаги хўжаликлар учун 2018 йилда экиладиган сабзавот экинлари ҳамда улардан олинадиган маҳсулот миқдори ва бошқа масалалар кўриб чиқилди.

«Фермерлар қайси йўналишларда муаммолар билан тўқнаш келаётгани, қаерда улар йўқотишларга учраётгани доимо таҳлил қилиниб, уларни қийнаётган масалаларни ҳал этиш муҳим», — дея Президент сўзларидан иқтибос келтирди «Ўзбекистон 24» телеканалининг «Ахборот 24» дастури.

Президент Жиззах шаҳри ва вилоят туманларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини ташкил этишни танқид остига олди.

Ўз фаолиятида жиддий камчиликларга йўл қўйгани учун Жиззах вилояти Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Абдувалижон Мустанов, Мирзачўл тумани ҳокими Рустам Кенжаев ва ушбу туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи лавозимидан озод қилинди.