Сирдарё вилоятида Жаҳон банки (ЖБ) кўмагида 280 минг аҳолини тоза ичимлик суви билан барқарор таъминловчи лойиҳа амалга оширилмоқда. Сардоба, Боёвут, Мирзаобод, Оқолтин ва Ховос туманларида сув таъминоти тизимини реконструкция қилиш ва ривожлантириш учун ЖБ Ўзбекистонга 88 млн АҚШ доллари миқдоридаги имтиёзли кредитни ажратди. Мамлакат ҳукумат улуши 12 млн долларни ташкил этади.

ЖБ вакилининг яқиндагина ҳудудга ташрифи жараёнида кўплаб инфратузилма объектларининг қурилиши жараёни, лойиҳани молиялаштириш, зарур маҳсулот ва хизматларни сотиб олиш масалалари кўриб чиқилди, дея хабар қилди банкнинг Тошкентдаги ваколатхонаси матбуот хизмати.

Ҳозирда Сирдарёнинг шаҳар ва қишлоқлари эскирган ҳудудий сув тармоқлари ва алоҳида қудуқлар тизими орқали ичимлик сувини истеъмол қилиб келмоқда. Ушбу ифратузилмалар жуда эскирган бўлиб, кўплаб аҳоли пунктларида сув таъминотида тез-тез авариялар кузатилади. Ҳисоб-китобларга кўра, уларнинг 25 фоизи сув қувурлари тармоқларига мутлақо уланмаган ва маҳаллий аҳоли ариқ ва оқова сувларидан истеъмол қилишга мажбур бўлмоқда. Сув қувурлари тармоқларига уланиш имкониятига эга аҳолининг 55 фоизи эса кунига 6 соат, 10 фоизи кунига соат 6 дан 24 гача ичимлик суви билан таъминланса, фақатгина 10 фоиз аҳоли куну тун ичимлик суви тармоқларидан фойдаланиш имкониятига эга.

«Айрим қишлоқ туманларида аҳоли куни олти соатгача вақтини 2 километргача узоқликдаги энг яқин сув қувурларигача масофани пиёда босиб ўтиб, оғир сув идишлари билан орқага қайтишга мажбур бўлмоқда. Вилоятда сув таъминоти билан боғлиқ вазият 2019 йилда тегишли инфратузилмалар модернизацияси якунига етганидан сўнг тубдан ўзгаради», — деди ЖБ томонидан лойиҳа раҳбари ВБ Дэвид Лорд.

Лойиҳа 1500 км сув қувурлари ва водоводларнинг (сув қувури ўтиши учун қазилган туннель) мавжудларини реконструкция қилиш ва янгиларини ётқизишни кўзда тутади. 40 та сув тақсимловчи узел, 32 та сув босимини ҳосил қилувчи минора ва 2 та сувни хлор билан зарарсизлантирувчи қурилма фойдаланишга топширилади.

Сув таъминоти тизимининг модернизация қилиниши натижасида вилоятдаги қарийб 47 минг уй хўжалиги ва 93 та аҳоли пункти куну тун тоза ичимлик суви билан таъминланади. Сувни истеъмолчига етказиб беришгача жараёндаги сув йўқотишлари ҳажми 40,2 фоиздан 14 фоизга камайтирилади. Ҳар кунлик сув истеъмоли эса қишлоқларда киши бошига кунига 15,2 литрдан 95 литргача, шаҳарларда эса 125 литргача оширилади.