Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ташкил этилди. Ўзбекистон Президенти 17 август куни тегишли қарорни имзолади.

Жамғарма хусусий тадбиркорлик фаолиятини ҳимоя қилиш ва кафолатлашнинг ҳуқуқий механизмларини мустаҳкамлаш, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги воситаларини жорий этиш, тадбиркорлик субъектларининг кредит ресурсларидан фойдаланишини осонлаштириш, янги иш ўринларини яратишни рағбатлантириш ҳамда республика банк-молия тизими фаолиятини янада такомиллаштириш билан шуғулланади.

Кичик бизнес субъектларига тижорий банклар орқали миллий ва хорижий валютада молиявий кўмак кўрсатиш жамғарманинг асосий вазифаларидан ҳисобланади.

Фаолияти тугатилаётган Тошкент шаҳридаги кичик саноат зоналари кафолат жамғармаси ҳамда Кичик бизнесни ривожлантириш кафолат фондининг 50 млн доллар ҳамда 100 млрд сўмлик пул маблағлари кўринишидаги дастлабки бадали ва бошқа маблағлар ҳисобидан жамғарманинг молиявий асослари шакллантирилади.

Жамғарма маблағлари қишлоқ хўжалиги, биринчи навбатда энергосамарадор иссиқхоналар, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, қуёнчилик, асаларичилик, узумчилик ва боғдорчилик, хусусан интенсив боғларни ташкил этишга қаратилган лойиҳаларни молиялаштиради.

Шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, уларни сақлаш бўйича инфратузилмалар ва логистика марказларини яратиш, кўп квартирали уйларда умумфойдаланишдаги жойларни ободонлаштириш ва таъмирлаш ва бошқа мақсадлар учун ҳам кредитлар ажратилади.