Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Кремлда Россия Президенти Владимир Путин музокаралар ўтказди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.

Президентлар Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди, минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашди.

Сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, илмий-техникавий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболи хусусида сўз юритилди.

Владимир Путин Шавкат Мирзиёевни Москвага давлат ташрифи билан қутлаб, бу томонларни қизиқтирган масалаларни муҳокама этиш учун қулай имконият эканини қайд этди.

«Ўзбекистон билан ҳамкорликни янги босқичда давом эттириш биз учун катта аҳамиятга эга, — деди Россия Президенти. — Мамлакатларимизда ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш учун ҳали тўла фойдаланилмаётган имкониятлар кўп, уларни ишга солишдан икки томон ҳам манфаатдор».

Шавкат Мирзиёев бу учрашув давлатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг янги босқичини бошлашда муҳим қадам бўлишини қайд этди.

У 3 апрель куни Санкт-Петербургда рўй берган машъум воқеа муносабати билан чуқур ҳамдардлик билдирди.

«Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳамкорлик юксак ишонч ва ўзаро ҳурмат асосида ривожланмоқда, — деди Шавкат Мирзиёев. — Турли даражадаги алоқалар фаоллашгани мамлакатларимиз кўп қиррали муносабатларни кенгайтиришдан бирдек манфаатдор эканининг тасдиғидир».