Ўзбекистонда 1 октябрдан жорий этилувчи янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини бир соат ичида олиш мумкин. Бу ҳақда пайшанба куни бўлиб ўтган брифингда Тошкент ИИББ ЙҲХБ Рўйхатлаш ва имтиҳон олиш бўлинмаси бошлиғи подполковник Зариф Юсуфжонов журналистларга маълум қилди.

Гувоҳномани алмаштириш учун бож миқдори маълум қилинганича йўқ, унинг энг кам ойлик иш ҳақининг 55 фоизи миқдорида бўлиши кутилмоқда.

Амалдаги тартибга кўра, ҳайдовчилик стажи 12 ойдан кам бўлмаган ҳайдовчилар янги ҳайдовчилик гувоҳномасини имтиҳонсиз олишлари мумкин. Стаж шахсий автотранспорт воситасини рўйхатга олиш тўғрисидаги маълумотнома, автомобилни бошқариш ҳуқуқига ишончнома ёки меҳнат китобчасидан кўчирма (ҳайдовчи бўлиб ишлайдиган шахслар учун) ёхуд иш жойидан маълумотнома бўйича белгиланади.