GM Uzbekistan компанияси 8 октябрь куни Москвада Uz-Daewoo ўрнига чиқарила бошлаган Ravon янги бренди тақдимотини ўтказди. Ўзбекистонлик автомобилсозлар ишлаб чиқарган маҳсулотлар энди ушбу бренд билан сотилади.

«Бугун ривожланишимизнинг янги босқичи бошланади», — деди тақдимот маросимида «Ўзавтосаноат» компанияси бошқаруви раиси ўринбосари Тоҳиржон Жалилов.

Uz-Daewoo савдо белгиси билан Россия бозорида миллионга яқин автомобиль, жумладан, 300 мингдан ошиқ ихчам Matiz автомашинаси сотилди, унинг А таснифига мансуб машиналар сегментидаги ҳиссаси 60 фоиздир. Тақдимотда қайд этилишича, икки йил бурун сотувга чиқарилган С таснифига мансуб Gentra Россиядаги 25 та энг кўп сотилаётган автомобиллар рўйхатига киради. Ушбу ютуқлар Ravon-нинг «Вақт синовидан ўтган, янгитдан яратилган» шиорига тўла мос келади.

Ravon номи тасодифан танлагани йўқ, дея таъкидлади Жалилов. Бу қисқартмада «ҳар бир ҳарфнинг ўз маъноси бор ва автомобилларимиз табиатига мос тушади»: «Reliable Active Vehicle On Road». Ўзбек тилидаги «равон» сўзи ҳам кўп маънолидир: «ёруғ, тоза, текис, тўғри йўл» ёки «равон йўл», дея тушунтирди «Ўзавтосаноат» раҳбарияти вакили.

У ичи ва ташқариси янгиланган ихчам Ravon Matiz шаҳар автомобилини намойиш этди. Ушбу модель илк марта хавфсизлик ёстиғи, ABS ва иммобилайзер билан жиҳозланди.

Ravon Gentra автомобилининг эргономикаси такомиллаштирилди, рулига чарм қопланди, салондаги ёруғлик даражаси назорат қилинадиган бўлди ва кўп функцияли дисплей ўрнатилди. GM Uzbekistan дастлаб, Gentra, сўнгра бошқа автомобилларда «ЭРА-ГЛОНАСС» навигация тизимини қўллаб-қувватловчи қурилмалар ўрнатиш устида иш олиб бормоқда. 

Янги йилдан бошлаб Россияда Ravon R2 (Spark-нинг аналоги) ва Ravon R4 (Cobalt) сотувга чиқарилади. Биринчи моделга янги двигатель, автоматик узатиш қутиси, асбоблар панели ва аудиотизим ўрнатилади. Иккинчисининг ташқи кўриниши ва салонида ўзгаришлар пайдо бўлади.

Энг кўп кутилган янгилик Т250 моделига асосланиб чиқарилаётган Ravon Nexia автомобилидир. Унинг дизайни бутунлай янгиланди ва унга хавфсизлик билан боғлиқ бир қанча бутунлай янги тузатмалар киритилди. Тоҳиржон Жалиловнинг маълум қилишича, улар сирасига йўналиш барқарорлиги ва шиналардаги ҳаво босими назорати тизимлари, ҳайдовчи ва йўловчиларни қўшимча ҳимоя қилиш, пиёдаларни ҳимоя қилиш талабларига жавоб берувчи олд бампер киради. Моделнинг автоматик узатиш қутиси ҳам бор.

«Брендимиз билан боғлиқ режаларимиз катта. Ишлаб чиқарилаётган автомобилларимиз турини кўпайтириш устида иш олиб боряпмиз. Яқин келгусида жип ва шаҳарлар учун йирик седан танифидаги автомобиллар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Ҳозирнинг ўзидаёқ яна бир неча автомобиль ишлаб чиқаришга тайёрланмоқда», — деди тақдимот маросимида Тоҳиржон Жалилов.