1 сентябрдан бошлаб Ўзбекистондан мева-сабзавот маҳсулотлари, картошка, полиз маҳсулотлари ва узумни автотранспорт воситаларида экспорт қилиш тақиқланди. Бу ҳукуматнинг 28 августда қабул қилинган қарорида белгиланган.

Энди мева-сабзавот маҳсулотлари, картошка, полиз маҳсулотлари ва узумни (ТИФ ТН коди 07-08) экспорт қилиш фақат темир йўл ва ҳаво транспортида амалга оширилади. Қарорда қайд этилишича, бундай тўхтамга келишдан мақсад қайд этилган маҳсулот турларини «экспорт қилишни тартибга солиш, экспорт контрактларини суғурта қилишнинг амалдаги механизмини такомиллаштириш, шунингдек маҳсулотларнинг кўрсатиб ўтилган турларини экспорт қилишга доир контрактларни божхонада расмийлаштиришнинг янада очиқ-ошкоралигини таъминлаш ҳамда уларнинг республика божхона чегарасидан ноқонуний олиб ўтилишининг олдини олиш»дир.

1 октябрдан бошлаб Ўзбекистонда мева-сабзавот маҳсулотлари, картошка, полиз маҳсулотлари ва узумни экспорт қилишда ноҳалол экспорт қилувчилар ва уларнинг муассислари реестри юритилади.

2015 йилда Ўзбекистонда 15,5 миллион тонна мева-сабзавот маҳсулотлари ишлаб чиқариш мўлжалланмоқда, ушбу кўрсаткич 2014 йилда 14,9 миллион тонна бўлган эди. Турли ҳисоб-китобларга кўра, ушбу маҳсулот ҳажмининг фақат 500 минг тоннаси ҳар йили МДҲ мамлакатлари, асосан, Россия ва Қозоғистонга экспорт қилинади.

Давлат божхона қўмитаси маълумотига кўра, мамлакатдан мева ва сабзавот маҳсулотларининг 35 фоизи ноқонуний йўл билан Қозоғистонга олиб чиқилади.