2024 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонга трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажми ошди. Бу ҳақда 25 апрель куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов маълум қилди, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

пул ўтказмалари, мамаризо нурмуратов, россия, марказий банк

Марказий банк раҳбарининг сўзларига кўра, пул ўтказмалари ҳажми 8,6 фоизга — 2,3 миллиард доллардан 2,5 миллиард долларгача ошган. Бу 2022 йил (1,46 миллиард доллар) ва 2021 йил (1,41 миллиард доллар) биринчи чоракларидан ҳам юқори. «Россия ва Қозоғистоннинг улуши 84 фоизгача камайди. Россиянинг улуши сезиларли даражада — 68 фоизга камайди», — деди у.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил охирида Россиянинг пул ўтказмаларидаги улуши қарийб 87 фоизни ташкил этган бўлса, 2023 йилда кўрсаткич 78 фоизга камайган.

2019−2021 йилларда Россиядан юборилган пул ўтказмалари Ўзбекистонга жами пул ўтказмалари ҳажмининг атиги ярмини ташкил қилган.

Ўтган йил охирида Жаҳон банки Россиядан Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажмининг босқичма-босқич қисқаришини қайд этган эди. Бу Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари сони қисқаргани, сўм курсининг рублга нисбатан мустаҳкамлангани ва рубль инфляцияси билан изоҳланган.

Марказий банк аввалроқ меҳнат миграциясида географик диверсификация кузатилаётгани, Россиядан пул ўтказмалари улуши камайгани ҳақида маълум қилган эди.

Эслатиб ўтамиз, январь ойида Шавкат Мирзиёев 100 мингга яқин фуқарони ташкилий равишда хорижий давлатларда ишга жойлаштириш учун ўқитишни ташкил этиш бўйича топшириқ берган эди. Кейинчалик Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Германия, шунингдек, Жанубий Корея ва бошқа мамлакатлардаги 50 мингта вакансия учун танлов эълон қилганди. Меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлаш ва ўқитиш бўйича ҳам янги чора-тадбирлар жорий этилмоқда.