Ўзбекистон фуқароларининг ташқи меҳнат бозорига киришини соддалаштириш масалалари ва меҳнат миграциясидан қайтганларнинг бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари Шавкат Мирзиёев ҳузурида 2 апрель куни бўлиб ўтган йиғилишда муҳокама қилинди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги давлат раҳбари топшириғига биноан ишлаб чиқилган таклифларни тақдим этди.

Эълон қилинган маълумотларга кўра, сўнгги икки йилда Бандлик вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги томонидан ташкилий равишда 70 минг нафар фуқаро ривожланган давлатларга ишлаш учун юборилган. Шу билан бирга, фуқароларнинг катта қисми алоҳида малака талаб қилмайдиган фаолиятни амалга ошириш учун мустақил равишда чет элга боради. Меҳнат ва яшаш шароитлари ҳар доим ҳам стандартларга жавоб бермайди.

беҳзод мусаев, камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, меҳнат мигрантлари, ташқи мехнат миграцияси агентлиги, шавкат мирзиёев

Миграцияни тартибга солиш ва меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлаш бўйича таклифлар

  • Бандлик вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги давлат муассасаси шаклида бошқарув органига айланади. Агентлик директори бир вақтнинг ўзида бандлик вазири ўринбосари бўлади. У меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлаш жамғармасини ҳам бошқаради.
  • Буюк Британия, Германия, Польша, Венгрия, Япониядаги элчихона ва консулликларда меҳнат миграцияси бўйича атташе, Саудия Арабистонида агентлик вакили лавозими жорий қилинади. Хориждаги фуқаролар масалаларини тезкорлик билан ҳал қилиш учун элчихоналар ва тегишли вазирликларда 24 соат ишлайдиган Call-марказлар ташкил этилади.
  • «Хорижга иш — маҳалладан» тамойили йўлга қўйилади. Бунда, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси хорижда ишлаш истагида бўлган фуқарони аниқлаб, «Онлайн маҳалла» платформасига киритади. Номзодлар хориждаги иш берувчилар танловларига жалб қилинади.
  • Касбий малакаси йўқ ва тилни билмайдиган фуқароларни касбга ўқитиш ва профтаълим муассасаларида мақсадли тайёрлаш йўлга қўйилади. Бунинг учун Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳузурида фуқароларни хорижий тилларга ўргатиш ва ишлашга мақсадли тайёрлаш маркази очилади.
  • Мигрантларнинг ишчи виза, йўл чиптаси, хорижий тил ва касб бўйича малакани баҳолатиш харажатлари қисман қопланади. Чет тили бўйича халқаро ёки унга тенглаштирилган сертификат олган фуқарога тил ўрганиш учун сарфлаган харажатининг 50 фоизи қоплаб берилади.
  • Сайхунобод тажрибаси асосида меҳнат миграциясидан қайтган фуқароларга томорқада маҳсулот етиштириб, даромад олиши учун молиявий кўмак берилади ҳамда бошқа турдаги бандлик хизматлари кўрсатилади.
  • «Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш» комплекс дастурига мувофиқ имтиёзли кредитлар ажратилади.
  • Тиббий муассасалар миграциядан қайтган шахслар ва уларнинг оила аъзоларини бепул тиббий кўрикдан ўтказади.
  • «Инсон» марказлари томонидан ота-онаси хорижда меҳнат қилаётган болаларга ижтимоий ёрдам кўрсатилади.
  • Меҳнат миграциясидан қайтганларни ишга олган корхонага ҳар бир ходим учун бир йил давомида Бандликка кўмаклашиш жамғармасидан ойига 500 минг сўм субсидия берилади. Ушбу тадбирларга бу йил учун барча манбадан 100 миллиард сўм ажратилади.