29 апрель куни Тошкент вилоятидаги Сирдарё дарёси қирғоғида экология инспекторларига ҳужум қилган 2 браконьер қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, дарёнинг Оққўрғон тумани «Элтамғали» МФЙдан оқиб ўтувчи қисмида 2 нафар фуқаро томонидан моторли қайиқ ва тўр ёрдамида ноқонуний равишда балиқ овланаётгани аниқланган.

Ўша пайтда икки инспектор браконьерлардан ов қилишни тўхтатишни сўраганида улар инспекторларга қайиқ эшкаклари билан ҳужум қилиб, уларни уриб сувга йиқитган ва воқеа жойидан қочган. Шунингдек, браконьерлар резина қайиқларни ёқиб юборган.

Оққўрғон тумани прокуратураси томонидан 2 май куни юқоридаги 2 нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 219-моддаси (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланди.

Бу жиноят учун 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.