Марказий банк 2023 йил учун меҳнат бозори шарҳини эълон қилди. Унда қайд этилишича, аксарият марказий банклар учун меҳнат бозори кўрсаткичларидаги тенденциялар ва динамика асосий ставка бўйича қарор қабул қилиш ва инфляцияни прогноз қилишда асосий омилга айланмоқда.

Ўзбекистон меҳнат бозоридаги тенденциялар

Ўзбекистон аҳолиси 2024 йил бошига кўра, 36,8 миллион кишини ташкил этади. 2020−2023 йилларда аҳолининг ўсиш суръати 2,1 фоизгача тезлашган ёки мутлақ ҳисобда йилига тахминан 700−800 минг кишига ошган. Таққослаш учун: 2010−2019 йилларда ўртача ўсиш суръати 1,7 фоиз ёки 500−600 минг кишини ташкил қилган.

Шу билан бирга, аҳолининг салмоқли қисми (57 фоиз) меҳнатга лаёқатли ёш тоифасига қўшилган. 2010 йиллардан бошлаб меҳнатга лаёқатли аҳолининг умумий аҳоли таркибидаги улуши аста-секин камайиб борган, бу 2000 йиллардан ҳозирги вақтгача туғилиш даражасининг ўсиб келаётгани билан боғлиқ. Бу, бир томондан, қисқа ва ўрта муддатли истиқболда демографик юкнинг ортиб бораётганидан далолат берса, иккинчи томондан, узоқ муддатли истиқболда кўпроқ иш ўринларини яратиш зарурати ошишига олиб келиши мумкин.

Меҳнатга лаёқатли аҳоли улуши (фоиз) ва туғилиш даражаси (минг киши)

бандлик, ишсизлик, марказий банк

Ўзбекистонда иқтисодий фаол аҳоли сони сўнгги ўн йилликда ижобий динамикани сақлаб қолган. 2022 йилда фаол аҳоли сони қарийб 15 миллион кишини (жами аҳолининг 41,7 фоизини) ташкил этган, бу 2016 йилга нисбатан 1 миллион нафарга кўп ҳисобланади. Бу фарқ инсон капиталининг ортиб бораётган захирасини ифодалайди.

Демографик юк нисбати (фоиз)

бандлик, ишсизлик, марказий банк

2022 йил якуни бўйича 13,7 миллион киши иш билан таъминланган, бу 2016 йилги кўрсаткичга нисбатан 3 фоизга ёки 400 минг кишига кўп. 2022 йилда бандлик органларига ариза берган ишсизлар сони 2021 йилга нисбатан 2 баравар кам бўлган.

Меҳнат бозоридаги вазият етарлича барқарорлигича қолмоқда. 2023 йилнинг биринчи ярми якунларига кўра, ишсизлик даражаси 8,1 фоизга камайган. Меҳнат таъминоти (иш қидириш билан боғлиқ сўровлар сони) тўртинчи чоракда барқарорлигича қолган. Республика бўйлаб пойтахтдан иш қидириш, шунингдек, давлат фуқаролик хизматчиларининг вакант лавозимлари платформаси (argos.uz) орқали давлат хизматига бўлган сўровлар ҳам юқорилигича қолмоқда.

2023 йил декабрь ойида интернет орқали эълон қилинган (Марказий банк вакансиялар сони сифатида баҳолаган) ишчи кучига бўлган талаб 49 мингдан ортиқни ташкил қилган. Бўш иш ўринлари асосан чакана савдо (5800), ишлаб чиқариш (5,100), озиқ-овқат хизмати (4300) ва қурилиш (4,000) соҳаларида мавжуд.

Сўнгги маълумотларга кўра, аҳоли бандлигининг ортиши давом этаётган бўлса-да, ўсиш суръати ўтган йилга нисбатан бироз пасайган. 2023 йилнинг биринчи ярми якуни бўйича иш билан банд аҳоли сони 13,9 миллион кишини ташкил этган ва 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 0,7 фоизга ўсган.

2023 йилнинг учинчи чорагида иқтисодиётдаги ўртача номинал иш ҳақи 4,4 миллион сўмни ташкил этган ва йиллик ҳисобда 18 фоизга ўсган. Иш ҳақининг ўсиш суръатлари тармоқлар бўйича сезиларли даражада фарқ қилади. Иш ҳақи ахборот технологиялари (+44 фоиз), турар жой ва озиқ-овқат хизматлари (+38 фоиз), транспорт (+37 фоиз), савдо (+32 фоиз) ва молия (+30 фоиз) соҳасида сезиларли даражада ошиб бормоқда.

2018 йилдан 2023 йилнинг биринчи ярмигача бўлган даврда иқтисодиётда унумдорлик ўсган. Саноат ва транспорт тармоқларида ўсиш суръатлари юқорилигича қолмоқда, қишлоқ хўжалиги ва савдода эса ўртача. Бироқ 2023 йил ўрталарида қурилиш соҳасида унумдорлик бироз пасайгани кузатилган.

Иқтисодиётдаги таркибий ўзгаришлар (қишлоқ хўжалиги улушининг камайиши ва хизмат кўрсатиш соҳасининг ўсиши) фонида айрим тармоқларда малакали ишчи кучига бўлган юқори талаб, шунингдек, реал иш ҳақи ўсишини рағбатлантириш сиёсати унумдорликнинг ўсиш суръатларидан ўтиб кетган. Бу ишлаб чиқариш харажатларини ошириб, кейинчалик юқори нархларда акс этиши мумкин. Бундай тенденцияни қурилиш, савдо ва транспорт соҳаларида кўриш мумкин.

Ташқи меҳнат миграцияси

Меҳнат миграцияси жараёнлари пул ўтказмалари канали орқали аҳолининг умумий даромадлари, ички талаб ва тўлов баланси барқарорлигига таъсир кўрсатмоқда, деб таъкидлади Марказий банк. 2018−2023 йилларда жами аҳоли даромадларининг қарийб 16 фоизи меҳнат мигрантларининг пул ўтказмалари ҳисобига тўғри келган.

Савдо балансидаги дефицитнинг катта қисми ички валюта бозорида таклифнинг асосий манбаларидан бири бўлган трансчегаравий пул ўтказмалари оқими ҳисобига ҳам қопланади.

Жорий меҳнат миграцияси оқими асосан бир қанча яқин мамлакатларда, хусусан, пул ўтказмалари оқимининг асосий қисмини ташкил этувчи Россия ва Қозоғистонда тўпланган. Шу билан бирга, аста-секин бу оқимларда географик диверсификация кузатилмоқда.

Айрим мамлакатларга соф мигрантлар оқими (минг киши)

бандлик, ишсизлик, марказий банк

2022 йилдаги пул ўтказмаларининг атипик оқимидан сўнг (2,1 карра), ўтган йилда уларнинг даражаси барқарорлашган. Рублнинг долларга нисбатан юқори ўзгарувчанлиги, инфляция жараёнларининг кучайиши ва миграция оқимининг бироз қисқариши фонида Россиядан пул ўтказмаларининг улуши 2022 йилдаги 87 фоиздан 2023 йилда 78 фоизгача (2019 йил даражасига) камайган.

Россия статистика хизматининг сўнгги маълумотларига кўра, 2023 йилнинг биринчи чораги якунларига кўра, Ўзбекистон фуқароларига Россияда ишлаш учун берилган патентлар ва рухсатномалар сони 12 фоизга камайган ва 1,2 миллионтани ташкил қилган. Россия ИИВ маълумотларига кўра, 2023 йилнинг биринчи ярмида миграция рўйхатига олинган Ўзбекистон фуқаролари сони ҳам 2,9 миллиондан 1,7 миллионга ёки 43 фоизга камайган.

Россиядан пул ўтказмалари динамикаси ва Россияга миграция

бандлик, ишсизлик, марказий банк

Бошқа мамлакатлардан пул ўтказмалари ҳажми 2022 йилдаги (тахминан 3 фоиз) ўсиш суръатидан сўнг 2023 йилда 14 фоизга ошган. Фаол ташқи меҳнат миграцияси сиёсатининг давом этаётгани, ўрта ва узоқ муддатли истиқболда меҳнат миграцияси йўналишида ҳамкорлик қилинадиган давлатлар сонининг кўпайиши пул ўтказмалари оқими таркибининг ўзгаришига олиб келиши мумкин, деб ҳисоблайди Марказий банк.

Кутилмалар

2023 йил охирига келиб барқарор иқтисодий ўсиш шароитида ишсизлик 8 фоиз (2022 йилда — 8,9 фоиз) даражасида бўлади. 2024 йилда ишсизлар сонининг пасайиш тенденцияси давом этиши кутилмоқда, янги иш ўринлари ташкил этилиши, ўзини ўзи банд қилганлар фаолиятининг кенгайиши ва янги молиявий воситаларнинг жорий этилиши фонида ишсизлик даражаси 7,5−8 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда.

Шу билан бирга, меҳнат муҳожирлари учун қўшимча шарт-шароитлар яратилиши, бу борадаги икки томонлама келишувларнинг кўпайиши, хорижда ишчи кучига бўлган талаб, Марказий банк тахминича, миграция оқими динамикасини сақлаб қолиш омили бўлиб хизмат қилади. Шунингдек, бу орқали, дастлабки прогнозларга кўра, 2024 йил охирига келиб пул ўтказмалари ҳажми тахминан 12−12,5 миллиард долларни (10−12 фоизлик ўсиш) ташкил этиши кутилмоқда.