Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Ўзбекистон фуқароларини Жанубий Кореядаги 37,4 мингта иш ўрни учун танлов ўтказилишини маълум қилди.

Қуйидаги соҳаларда ишлаш истагида бўлган фуқаролар учун 2024 йил 8−14 февраль кунлари рўйхатдан ўтиш режалаштирилган:

  • Ишлаб чиқариш соҳасида 22 248 та;
  • Қишлоқ хўжалиги соҳасида 6858 та;
  • Хизмат кўрсатиш-2 (меҳмонхона ва ошхона ишлари) соҳасида 5403 та (асосан аёллар учун);
  • Қурилиш соҳасида 2898 та.

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги маълумотларига кўра, юқоридаги соҳалардаги ойлик маош ўртача 2000−2500 минг АҚШ долларини ташкил этади.

Кореяда ушбу соҳаларда ишлаш истагидаги номзодлар учун республиканинг барча ҳудудларидаги «Ишга марҳамат» мономарказларида Қирол Сежонг фондининг кореялик профессионал ўқитувчилари томонидан корейс тили курслари ташкил этилган.

Рўйхатдан ўтиш жараёни номзодлар сони юқорида кўрсатилган квоталарга етганидан сўнг тўхтатилади. Номзодлар юқоридаги соҳалардан фақат биттасини танлаши керак.

(2023 йилда кемасозлик соҳаси учун рўйхатдан ўтган номзодлар 2024 йил ҳисобидан яна бошқа бир соҳага онлайн рўйхатдан ўтиш имконияти мавжуд).

2024 йил 8−14 февраль кунлари Агентлик тақдим этадиган ҳавола орқали анкета тўлдириб, ушбу анкета рақами билан Миллий банкнинг мобил иловаси ёрдамида (банк шохобчаларига бормасдан) 28 $ миқдоридаги тўловни амалга оширган ҳолда онлайн рўйхатдан ўтиш режалаштирилган.

Eps-topik тест имтиҳонида қатнашиш учун:

  • Ўзбекистон Республикаси фуқароси;
  • 18 ёшга тўлган (2006 йил 1 февраль санасидан олдин туғилган) ҳамда 40 ёшга тўлмаган (1984 йил 2 февраль санасидан кейин туғилган);
  • Корейс тилини биладиган;
  • Хорижга чиқиш учун тақиқи бўлмаган;
  • Соғлом, юқумли касалликка чалинмаган;
  • Корея Республикаси ҳудудига киришга тақиқи йўқ;
  • Корея Республикасида E-9 ёки E-10 визаси асосида 5 йилдан ортиқ муддатда ишламаган;
  • Ўзбекистонда жиноий жавобгарликка тортилмаган, судланмаган бўлиши лозим.

Рўйхатдан ўтиш ва юклаш учун зарур маълумотлар:

  • Телефон рақами;
  • Хорижга чиқиш паспортининг сифатли рангли электрон шаклдаги нусхаси (ламинат қилинган томони, файл ҳажми 55 kb дан 60 kb (600×400 пиксел) гача JPG форматида бўлиши лозим);
  • 3,5×4,5 ҳажмдаги оқ фонли сифатли рангли расм (фон билан устки кийимнинг ранги бир хил бўлмаслиги керак, файл ҳажми 13 kb дан 14 kb (100×300 пиксел) гача ЖПГ форматида бўлиши лозим) Паспорт ва расмни юклаш тартиби;
  • Яшаш манзили (вилоят, туман, МФЙ, кўча ва хонадон).

Маълумотлар фақат лотин алифбосида ва тўғри киритилиши зарур.

Номзодлардан маълумотларни хорижга чиқиш паспорти асосида тўлиқ ва аниқ киритилиши сўралади. Маълумотлари хато юкланган ёки киритилган номзод тестда қатнаша олмаслиги ёки тестдан муваффақиятли ўтган тақдирда ҳам унга виза рад этилиши мумкин.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги тест имтиҳонларидан муваффақиятли ўтган фуқароларнинг Корея Республикасида меҳнат фаолиятини амалга оширишини кафолатламайди. Мурожаат учун: 71 202−33−55.