Жаҳон банки ўзининг навбатдаги ҳисоботида Ўзбекистон каби Россиядан катта ҳажмдаги пул ўтказмалари келадиган мамлакатларда уларнинг ҳажми босқичма-босқич камайиши кузатилаётганини маълум қилди.

Ташкилот ҳисоб-китобларига кўра, 2021 ва 2022 йилларда пул ўтказмалари мос равишда 15,5 ва 18,5 фоизга ўсгандан сўнг Европа ва Марказий Осиё минтақадаги пул ўтказмалари оқими 1,4 фоизга қисқариб, 2023 йилда қарийб 78 млрд долларни ташкил этди. Бироқ уларнинг ҳажми Россиянинг Украинага бостириб киришидан олдинги ҳолатга нисбатан юқорилигича қолмоқда.

«Бу йилги кўрсаткичларнинг нисбатан пастлиги асосан Россиядан қўшни давлатларга пул ўтказмаларининг секинлашиши билан боғлиқ. Арманистон, Озарбайжон, Грузия, Қирғизистон ва Ўзбекистон каби Россиядан катта ҳажмдаги пул ўтказмалари келадиган мамлакатларда уларнинг ҳажми босқичма-босқич камайиши кузатилмоқда», — дейилади ҳисоботда.

Хусусан, ЕМО минтақасидаги энг кўп пул ўтказмалари юбориладиган Ўзбекистонга оқим 2022 йилдаги 16,7 млрд доллардан (ЯИМнинг тахминан 21 фоизи) 2023 йилда 16,1 млрд долларгача (ЯИМнинг қарийб 18 фоизи) қисқариши тахмин қилинмоқда.

Инфографика: Жаҳон банкиИнфографика: Жаҳон банки

Жаҳон банки пул ўтказмаларининг қисқаришини Россия ҳудудларида ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари сони камайгани, Россияда инфляциянинг ўсиши ва сўм курсининг рублга нисбатан мустаҳкамланиши билан боғлиқ ҳолда Россиядан пул ўтказмаларининг камайиши билан изоҳлаган.

Ўтказмалар ҳажми камаяётганига қарамай, 2023 йилда Россиядан пул ўтказмалари Украинадаги урушгача бўлган 2020−2021 йиллардаги даражадан анча юқори бўлиб турибди. Россия Ўзбекистонга пул ўтказмаларининг энг йирик манбаи бўлиб қолмоқда ва Ўзбекистонга юборилган умумий пул ўтказмаларининг қарийб 80 фоизи шу давлатга тўғри келмоқда. Таққослаш учун, 2019−2021 йилларда Россиядан юборилган пул ўтказмалари Ўзбекистонга ўтказилган жами пул ўтказмаларининг атиги ярмини ташкил қилган.