Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги хорижий иш берувчилар билан ҳамкорликда Германияда қатор соҳа ва касбларда бўш ўринлари учун фуқароларни таклиф этмоқда.

Таъкидланишича, Германияда ўзбекистонликлар учун 50 минг бўш иш ўрни мавжуд бўлиб, қуйидаги касблар ва соҳалар учун амал қилади:

  • ҳамшира;
  • юк автомобили ҳайдовчиси;
  • юк ва қишлоқ хўжалиги автомобилларига техник хизмат кўрсатиш;
  • меҳмонхона;
  • ресторан;
  • туризм;
  • ҳунармандчилик;
  • мехатроника;
  • қурилиш ва бошқалар.

Ойлик маош эса Ausbildung (дуал таълим бўйича ишга жалб қилиш, батафсил — бу ерда) асосида ишга жалб қилишда — 1000 евродан, тўғридан-тўғри ишга жалб қилиш — 2000 евродан бошланади.

Бўш иш ўринлари учун аризаларни мазкур ҳавола орқали қолдириш мумкин.

Германияда ушбу соҳаларда ишлаш истагидаги номзодлар учун республика ҳудудларида немис тили курсларини ташкил этиш имконияти мавжуд, дейилади агентлик хабарида.

Ташкилот, шунингдек, мавжуд бўш иш ўринларига муносиб номзодларни тайёрлаш мақсадида Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган барча ўқув марказларини ҳамкорликка чақирди.

Ушбу жараён бўйича батафсил маълумот олиш учун +998 71 202 33 55 ва 71 200 00 61 телефон рақамлари қолдирилган.

2023 йил июль ойида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Европанинг қатор давлатлари, жумладан, Германиянинг олтита иш берувчи компанияси билан ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумларни имзолаганди. Бу мамлакатда автомобилсозлик, электроника, ҳамширалик иши ва парвариши (кексаларга қараш) мутахассислари вақтинчалик иш билан таъминланиши қайд этилган.