Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги 99-мактабда ток уриши оқибатида вафот этган ўқувчи воқеаси бўйича мактаб директори ва унинг ўринбосарига ҳукм ўқилди. Бу ҳақда Millar теледастури суд жараёнидан тайёрланган лавҳани эълон қилди.

Унга кўра, мактабнинг хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосари Жиноят кодексининг 207-моддаси 3-қисми «а» банди (Мансабга совуққонлик билан қараш одам ўлишига сабаб бўлса) назарда тутилган жиноятни содир этган деб топилди. Фуқаро 2 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 4 йилга қамалди.

Мактаб директорига ҳам худди шу айблов билан 4 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Шунингдек, у 2 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлай олмайди.

Эслатиб ўтамиз, мазкур бахтсиз ҳодиса 28 ноябрь куни куни содир бўлган. Ўшанда пойтахт мактаб таълими бошқармаси болани электр токи урганини рад этиб, ўқувчи ўйин майдончасидан чиқиб кетаётганда ҳушини йўқотгани, кейинроқ касалхонада вафот этганини билдирганди. Кейинроқ Бош прокуратура суд-тиббиёт экспертизасининг дастлабки маълумотларига кўра, ўқувчининг ўлимига электр токи уриши сабаб бўлганини маълум қилган.