27 ноябрь куни Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги 99-сонли умумтаълим мактаб ўқувчиси вафот этди, дея хабар бермоқда Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси матбуот хизмати.

Ўша куни соат 18:15 атрофида мактабнинг 8-«И» синф ўқувчиси А.А. мактаб ҳовлисидаги спорт майдонидан чиқиб кетаётганида тоби қочган ва ҳушидан кетган. Шу вақтда қоровул томонидан тез тиббий ёрдамга қўнғироқ қилинган.

Бола тез ёрдам машинасида Республика ихтисослаштирилган кардиология марказига олиб кетилган. Бироқ шифокорлар томонидан кўрсатилган ёрдамга қарамай, ҳушига келмаган ва вафот этган.

Бошқарма ижтимоий тармоқларда ҳолатга боланинг очиқ қолган электр токига тегиб кетиш сабаб бўлгани айтилган хабарларни рад этди.

«Ўқувчини ток урмаган ва мазкур ҳудудда ҳеч қандай электр токи кабели узилган ҳолат кузатилмаган. Мактаб стадиони ва унинг атрофида электр энергия узаткичлари борлиги аниқланмади», — дейилади хабарда.

Ҳозирда ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.