Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон ҳукуматлари Қирғизистондаги Норин дарёсида Қамбарота ГЭС-1 (ГЭС-1) қурилиши бўйича келишув имзолайди. Бу Қозоғистон Энергетика вазирлиги томонидан жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган ҳукуматлараро келишув лойиҳасида назарда тутилган.

Келишувда ГЭС қурилиши лойиҳасини амалга ошириш ва ундан кейинги фойдаланиш доирасида томонлар ўртасидаги ҳамкорлик шартларини белгилаш режалаштирилган.

Ҳужжатга кўра, Марказий Осиё давлатлари томонидан тайинланган компетент органлар Қамбарота ГЭС-1`да ишлаб чиқарилган электр энергиясининг бутун ҳажмини сотиб олиши кафолатланади.

Томонлар ўзаро келишув асосида қарорлар қабул қилади ва келишилган сув ташлаш ҳажмларини таъминлашни ҳисобга олган ҳолда электр станциясининг иш режимини бошқаради.

Лойиҳани амалга ошириш учун Қирғизистонда ҳудудида акциядорлик жамияти ташкил этилади. Унда Қирғизистон улуши 34 фоиз, Қозоғистонники 33 фоиз ва Ўзбекистонники 33 фоиз бўлади. Ҳар бир томон компания таъсисчисини мустақил равишда белгилайди. Томонларнинг улушлари ўзгаришсиз қолади, уларни бирлаштириш, бошқага ўтказиш ва сотиш тақиқланади.

Лойиҳани молиялаштиришнинг асосий манбалари компания таъсисчиларининг ўз маблағлари, шунингдек, халқаро молия институтлари ва банклардан жалб қилинган қарз ва грант маблағлари бўлади.

Лойиҳани амалга ошириш муддати техник-иқтисодий асосларни тасдиқлаш натижалари асосида белгиланади.

Лойиҳа амалга оширилгач, Қамбарота ГЭС-1 акциялари ва активлари тўлиқ Қирғизистон мулкига айланади. Битим Бишкекда имзоланиши режалаштирилган.

Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов, Қозоғистон энергетика вазири Болат Акчулаков ва Қирғизистон энергетика вазири Таалайбек Ибраев 2023 йил январь ойида Бишкек шаҳрида Қамбарота ГЭС-1 қурилиши лойиҳасини амалга ошириш бўйича йўл харитасини имзолаганди.

Келажакдаги ГЭСнинг қуввати 1860 МВтни ташкил қилади. ГЭСнинг сув омбори ҳажми 5,4 млрд куб метр, тўғон баландлиги 256 метрни ташкил қилади. Станция йилига ўртача 5,6 млрд кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқаради. ГЭС қурилиши 10 йил давом этиши кутилмоқда, шу жумладан, биринчи гидроагрегат тўрт йилдан сўнг фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

2021 йил март ойида Қирғизистон президентининг Ўзбекистонга ташрифи чоғида мамлакатлар ўртасида «Қамбарота ГЭС-1 қурилиши» инвестиция лойиҳасини ҳамкорликда тайёрлаш тўғрисидаги битим ва ўзаро электр энергияси етказиб бериш тўғрисида протокол имзоланганди.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров 2022 йил июнь ойида Қамбарота ГЭС-1 қурилишига старт берган. Лойиҳанинг дастлабки ишлари учун 20 млн долларга яқин маблағ ажратилган. Лойиҳанинг Канаданинг SNC-Lavalin International Inc. консорсиуми ва ва Россиянинг «Жанубий энергетика муҳандислик маркази» томонидан ишлаб чиқилган техник-иқтисодий асосига кўра, ГЭС қурилиши учун 2014 йил нархларида 2,9 млрд доллар талаб этилган. Шунингдек, 13 апрель куни Қирғизистон раҳбари лойиҳа харажатлари 5−6 млрд долларни, ўзини оқлаш муддати эса 13−15 йилни ташкил этишини таъкидлади.