Ўзбекистон ижро ҳокимияти органлари Янги Тошкент шаҳри ҳудудига кўчирилади. Бу президентнинг 19 апрелдаги «Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида назарда тутилган.

Президент бош вазир Абдулла Арипов бошчилигидаги мувофиқлаштирувчи кенгашга республика ижро этувчи ҳокимият органларини Янги Тошкент шаҳри ҳудудига кўчириш, уларнинг маъмурий биноларидан самарали фойдаланиш ва уларни сотишдан тушадиган маблағларни ушбу ҳудудда маъмурий биноларни барпо этишга йўналтиришга қаратилган таклифни уч ой муддатда киритиш юзасидан топшириқ берди.

2023 йил март ойида президент Янги Тошкент қурилиши бошланганини билдирган капсулани қўйганди. Шаҳарда 1 миллион киши яшаши кутилмоқда.

У ерда давлат идоралари, олий ўқув юртлари ва бошқа объектлар жойлашиши таъкидланган. Ҳозирда вазирлик ва идоралар жойлашган бинолар ўрнида меҳмонхоналар, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари очилиши режалаштирилган. «Тошкент замонавий туризм ва бизнес марказига айланади», — деди давлат раҳбари.

Сентябрь ойида давлат раҳбари Британиянинг Cross Works компанияси томонидан ишлаб чиқилган Тошкент ва Янги Тошкент қўшма лойиҳасини маъқуллаганди. «Ҳа, биз уни Янги Тошкент деймиз, лекин эртага у ҳам эски Тошкентни янгилаши керак. Улар бир қон, бир артерияга айланиши керак», — деган қурилиш дирекцияси раҳбари Давронжон Одилов.

Президент «Янги Тошкент» лойиҳасини бошлаш муҳимлигини, акс ҳолда, беш йилдан кейин «пойтахтда одамлар яшай олмаслигини» айтганди.