13 апрель куни Эрон Исроил томон ўнлаб дрон ва ракеталар учирди. Дастлаб фақат дронлар ҳужуми ҳақида хабар берилган бўлса, кейинчалик қанотли ва баллистик ракеталар ҳам учирилгани ҳақида баёнот берилди.

Хусусан, Исроил мудофаа кучлари вакили Даниэль Хагари Эрон ҳужумда дронлар, баллистик ва қанотли ракеталардан фойдалангани, жами 200 дан ортиқ ракета ва дрон учирилганини таъкидлади.

CNN`нинг ёзишича, Эрондаги давлат ОАВлари ҳужум ҳақидаги хабарни дарҳол тасдиқлади.

«Сионистик режимнинг Эроннинг Дамашқдаги элчихонаси консуллик бўлимига қилган ҳужуми, жиноятига жавобан, ИИҚК (Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси) ҳаво кучлари дронлар ва ракеталар билан сионистик режим ҳудудидаги аниқ нишонларга зарба берди», — дейилади ИИҚКнинг давлат телевидениеси орқали ўқиб эшиттирилган баёнотида. Исроил томон дрон ва қанотли ракеталардан ташқари баллистик ракеталар ҳам учирилгани ҳақида Эроннинг IRNA ахборот агентлиги ҳам ўз манбаларига таяниб, хабар қилди. Бироқ бу маълумот бошқа манбалар томонидан тасдиқланмади.

Исроил бош вазири Беньямин Нетаньяху ҳужумдан сўнг дарҳол халққа мурожаат қилди. Унинг таъкидлашича, Исроил узоқ йиллардан буён Эроннинг тўғридан-тўғри ҳужумига тайёргарлик кўрган ва ҳозирда барча мудофаа тизимлари ишламоқда, шунингдек, Исроил ҳукумати «ҳар қандай сценарийга, мудофаага ҳам, ҳужумга ҳам тайёр». «Исроил давлати кучли, Мудофаа кучлари кучли, аҳолиси кучли», — деди у. Бош вазир, шунингдек, мамлакатни ҳар қандай таҳдиддан «хотиржамлик ва қатъийлик билан» ҳимоя қилишга ваъда берди.

Эроннинг ҳужуми ортидан АҚШ президенти Жо Байден хавфсизлик бўйича маслаҳатчилари билан фавқулодда йиғилиш ўтказди. АҚШ томони Исроилни қўллаб-қувватлашини қайд этди, Буюк Британия ва Франция эса Эроннинг ҳаракатларини қоралади.

Ҳужум бошланганидан кўп ўтмай Ироқ, Иордания ва Исроил ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бир нечта мамлакатлар авиакомпаниялари бу йўналишдаги парвозларни бекор қилди.

Теҳрон Эронга жавоб қайтариш учун Исроилга ҳаво ҳудудини очиб берган ҳар қандай давлатга ҳужум қилиш билан таҳдид қилди.

  • Апрель ойи бошида Исроил авиацияси Эроннинг Дамашқдаги консуллигига зарба берган, оқибатда Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг (ИИҚК) етти нафар аъзоси ҳалок бўлганди. Улар орасида ИИҚКнинг юқори мартабали қўмондони Муҳаммад Ризо Зоҳидий ҳам бўлган, у «Қудс» кучларининг элита бўлинмасига қўмондонлик қилган. Исроил ҳужумга расман изоҳ бермади, бироқ Исроил расмийлари ҳужум ортида Тель-Авив турганини аноним равишда тан олди. Теҳрон бунга жавобан Исроилни «кескин жавоб» ҳақида огоҳлантирди.