2024 йилда Россия газини Қозоғистон орқали Ўзбекистонга ташиш ҳажми 2023 йилга нисбатан қарийб 3 баробар ортади. Бу ҳақда Қозоғистон Энергетика вазирлигига таяниб, «ТАСС» хабар берди.

«„Газпром“ ва Қозоғистон Республикаси ҳукумати ўртасида имзоланган стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги битим доирасида Россия газининг Ўзбекистонга йиллик ташиш ҳажмини 2023 йилдаги 1,28 млрд куб метрдан 2024 йилда 3,8 млрд куб метрга ошириш белгиланди», — дея таъкидлади вазирлик.

2023 йил 7 октябрда уч давлат президентлари Россия табиий газини Қозоғистон ҳудуди, «Марказий Осиё — Марказ» газ қувури орқали Ўзбекистонга транзит қилишга старт берганди.

UzGasTrade ва «Газпром» ўртасидаги келишувга кўра, кунлик етказиб бериш ҳажми 9 млн кубометрни ёки йилига 2,8 млрд куб метрни ташкил қилади. «Коммерсантъ» маълумотларига кўра, бундай ҳажм нархи тахминан 448 млн долларни, яъни 1000 куб метр газ учун 160 долларни ташкил этади.

2026 йилдан бошлаб етказиб бериш ҳажмини йилига 3 млрд куб метрдан 11 млрд куб метргача ошириш режалаштирилган.

Аввалроқ Ўзбекистон ҳукумати «шимолдан» газ импортини ошириш учун магистрал газ тизимини 500 млн долларга модернизация қилмоқчилиги ҳақида хабар бергандик. Ҳозирда Ўзбекистон бу йўналиш орқали Россия газини олмоқда. Етказиб бериш ҳажмини кунига 9 млн куб метрдан 32 млн куб метргача ошириш режалаштирилмоқда.

Жаҳон банки февраль ойида Марказий Осиё давлатлари тез орада газ талаби ва таклифи ўртасидаги номутаносиблик кучайиб боришига дуч келиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

2023 йилда Ўзбекистон экспорт қилганидан кўпроқ газ импорт қилди. Етказиб беришлар ўртасидаги фарқ 165 млн доллардан ошди. «Газета.uz» мамлакат ичидаги улкан газ захираларига қарамай, бундай ҳолат кузатилишига олиб келган омилларни таҳлил қилганди.