Ўзбекистонда «Афросиёб» электропоездлари учун чипталар нархи оширилади, дея хабар берди «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси матбуот хизмати.

«Маълумки, темир йўл инфратузилмасини ислоҳ қилиш, электр-энергия, ёқилғи, логистика ва транспорт харажатларини қоплаш, шунингдек, янги юқори тезликда ҳаракатланувчи электропоездларни харид қилиш мақсадида 2024 йил 15 майдан бошлаб юқори тезликда ҳаракатланувчи «Афросиёб» электропоездларининг чипталар нархлари эконом класс учун 20 фоиз, бизнес класс учун 30 фоиз ва VIP класс вагонлари учун 40 фоизга ошади.

Янги нархлар қуйидаги кўриниш олмоқда:

Тошкент — Бухоро (нархлар фақат бир томон учун)

VIP 890 минг сўм (ҳозир — 636 минг сўм)

Бизнес 600 минг сўм (462 минг сўм)

Эконом 403 минг сўм (336 минг сўм)

Тошкент — Қарши

VIP 747 минг сўм (534 минг сўм)

Бизнес 507 минг сўм (390 минг сўм)

Эконом 338 минг сўм (282 минг сўм)

Тошкент — Самарқанд

VIP 554 минг сўм (396 минг сўм)

Бизнес 358 минг сўм (276 минг сўм)

Эконом 244 минг сўм (204 минг сўм).

«Ўзбекистон темир йўллари» компания ўз хабарида президент 2023 йил 10 октябрдаги «Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти соҳасини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ 2024 йил 1 январдан бошлаб юқори тезликдаги «Афросиёб» электропоездларида йўловчиларни ташиш хизматлари тарифларини давлат томонидан тартибга солиш амалиётидан воз кечиш, шунингдек, уларни бозор тамойиллари асосида тартибга солиш механизмига ўтиш амалга оширилганини эслатган.

Бундан аввал компания 20 январдан бошлаб «Афросиёб» электропоездлари ҳамда «Шарқ», «Насаф» ва «Ўзбекистон» тез юрар поездларининг чипталар нархини 20 фоизга оширганди.

Ўшанда компания ушбу қарор Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги идоралараро тариф комиссияси қарорига мувофиқ, темирйўл инфратузилмасини ислоҳ қилиш, электр энергияси — ёнилғи, логистика ва транспорт харажатларини қоплаш мақсадида қабул қилинганини таъкидлаган. Шунингдек, йўловчи вагонлари паркини янгилаш, янги юқори тезликда ҳаракатланувчи электропоездларни харид қилиш, темир йўл вокзалларини давр талабларига мувофиқ сақлаш мақсади ҳам борлигини қўшимча қилган.

Шунингдек, 1 ноябрда ҳам маҳаллий поездлар чипта нархлари кўтарилганди. Унда, хусусан, йўловчи поездларида нархларнинг тариф қисми 44 фоизга, «Афросиёб» электропоездлариники эса 60 фоизга оширилганди.