Жаҳон банки ўзининг «2060 йилгача углерод нейтраллигига эришиш: Европа ва Марказий Осиё давлатлари учун барқарор энергия келажаги» бўйича ҳисоботида минтақавий газ савдосини фаоллаштириб, Ўзбекистондаги газ талаби ва таклифи ўртасидаги тафовутни бартараф этиш мумкинлигини қайд этди.

Ҳисоботда Марказий Осиё газнинг йирик соф экспортчиси экани, ушбу табиий ресурс биринчи навбатда Хитойга экспорт қилиниши қайд этилган. Жаҳон банки ушбу субминтақа ҳудуди бўйлаб талабнинг ўсиши ҳамда газ қазиб олишнинг стагнацияси (айниқса, Қозоғистон ва Ўзбекистонда) мамлакатларнинг бир вақтнинг ўзида Хитой олдидаги экспорт мажбуриятларини бажариш ва қишки юқори талабни қондириш имкониятини чеклашини таъкидлаган.

«Россия Қозоғистон ва Ўзбекистонга таклиф қилган „газ иттифоқи“ Марказий Осиёда табиий газга бўлган талаб ва таклиф мувозанатини яхшилаши мумкин. Бироқ ушбу мамлакатларнинг совет даврида қурилган газ қувурлари инфратузилмасининг аянчли ҳолати ва Россия гази таъминотининг ишончлилиги билан боғлиқ ноаниқликлар мавжуд», — дейилади ҳисоботда.

Шунингдек, ҳужжатда Марказий Осиёда минтақавий газ савдосини фаоллаштириш ва Туркманистондан газ импортини ошириш орқали Қозоғистонда кўмир ўрнини босиш, Ўзбекистонда юзага келаётган талаб ва таклиф ўртасидаги тафовутни бартараф этиш, шунингдек, бутун Марказий Осиёда ўсиб бораётган талабни қондириш мумкин экани келтириб ўтилган.

Ҳисобот Европа ва Марказий Осиёдаги ривожланаётган мамлакатлар ҳукуматларига энергия тизимларини 2060 йилгача углеродсиз ёқилғига ўтказиш учун зарур бўлган шошилинч иқтисодий сиёсат ва сармояларни аниқлашда ёрдам берадиган таҳлилларни тақдим этади. Ушбу чора-тадбирлар глобал ўртача ҳарорат кўтарилишини 2 °C дан пастроқ даражада ушлаб туриш учун жуда муҳим экани айтилган.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил якуни бўйича Ўзбекистонда газ қазиб олиш ҳажми қарийб 5 млрд куб метрга камайди.

2023 йилда Ўзбекистон экспорт қилганидан кўра кўпроқ газ импорт қилди. Етказиб бериш ҳажмлари орасидаги фарқ 165 млн доллардан ошди. «Газета.uz» мамлакат ичидаги улкан газ захираларига қарамай, бундай ҳолат юзага келишига сабабчи бўлган омилларни таҳлил қилганди.