Тошкент аҳолиси ҳукумат ва шаҳар ҳокимлигининг Дўстлик (Бобур) боғини хусусий тадбиркорга ижарага бериш тўғрисидаги қарорларини бекор қилишни талаб қилиб судга мурожаат қилди. Аризачиларнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди ишни кўриб чиқиш учун қабул қилиб, суд жараёнини 10 июнга белгилаган.

Аввал хабар берганимиздек, шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқовнинг 26 мартдаги қарори билан Абдулла Қодирий ва Дўстлик боғлари BPM Smart Decision Management компаниясига 49 йилга ижарага берилган эди. Худди шу корхона аввалроқ Ғафур Ғулом боғини реконструкция қилган.

Ҳокимлик қарорлари эълон қилинадиган E-Qaror сайтида ҳокимнинг боғларни ижарага бериш тўғрисидаги қарори беркитиб қўйилган. (Қонунчиликка мувофиқ, ҳокимликлар фойдаланиши чекланган маълумотларни ўз ичига олган қарор ва фармойишларни қабул қилиши мумкин. Буларга мудофаа, хавфсизлик, шахсий маълумотлар, васийлик ва ҳомийлик тўғрисидаги ва бошқа маълумотлар киради.)

Вазирлар Маҳкамасининг қарори ҳам хизматда фойдаланиш учун ҳужжат бўлгани сабабли жамоатчиликка очиқ эмас.

Ҳар иккала ҳужжат ҳам жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинмагани сабабли аҳоли ҳужжатлар билан танишиш учун шаҳар ҳокимлиги ва Вазирлар Маҳкамасига қонуний сўровлар билан чиққан. Ҳукумат «Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида»ги қонуннинг 5-моддасига мувофиқ «ҳужжат давлат сири ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ўз ичига олади» деган асос билан 2024 йил 13 мартдаги 133-сонли қарорни тақдим этмаган.

Шунингдек, ҳокимлик «Дўстлик ва Абдулла Қодирий номидаги маданият ва истироҳат боғларини давлат-хусусий шериклик асосида бошқариш ва модернизация қилиш тўғрисида»ги 26 мартдаги 200−14−0-Q/24-сонли қарорни ҳам тақдим этишдан бош тортган.

Ариза берувчилар жамоатчиликка очиқ бўлмаган ҳужжатларда «аҳолининг ҳуқуқ ва манфаатларини бузувчи маълумотлар бўлиши мумкин»лигидан хавотирда.

Аҳоли суддан судланувчилардан Вазирлар Маҳкамаси қарори ва ҳоким қарори нусхаларини талаб қилиб, уларни ҳақиқий эмас, деб топишни сўради.

  • «Газета.uz» Дўстлик боғини реконструкция қилиш лойиҳасида нималар кўзда тутилгани ҳақида ёзганди. Маҳаллий аҳоли бунга қарши чиқиб, уларга аттракционларсиз «тинч ва сокин боғ» кераклигини айтмоқда.
  • Дўстлик боғи яқинда реконструкция қилинган — 2018−2021 йилларда. Иш деярли тўрт йил давом этган. Ҳукумат қарори билан боғ инвесторга берилган, ташриф буюрувчилар учун ёпилган ва яроқсиз ҳолга келган. Шаҳарликлар ҳокимиятдан боғни очишни талаб қила бошлаганидан сўнг, ҳокимлик реконструкция ишларини ўз зиммасига олганди.
  • Биз Абдулла Қодирий боғини реконструкция қилиш лойиҳаси ҳақида ҳам ёзган эдик, у ер, инвесторнинг сўзларига кўра, «қисман аттракционли, аммо асосан яшил ҳудуддан иборат» бўлади.
  • Иккала боғни ижарага олган BMP Smart Decision Management компанияси Ғафур Ғулом боғини ҳам реконструкция қилган. Ушбу боғни ижарага олиш тўғрисидаги қарорлар ҳам оммага очиқ эмас.
  • Апрель ойида Тошкент шаҳри ҳокими Шавкат Умурзоқов иккала истироҳат боғининг ижарага берилишига муносабат билдирар экан, боғларга давлат бошқарувчи бўлмаслиги кераклигини айтган эди. Унинг сўзларига кўра, боғларни сақлаш бюджетдан катта маблағни талаб қилади.
  • «Адолат» партияси ҳокимликни истироҳат боғларини ижарага бериш каби муҳим қарорларни қабул қилишдан олдин жамоатчилик фикрини инобатга олишга чақирган.