Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси Тошкент ҳокимлиги томонидан Абдулла Қодирий ва Дўстлик (собиқ Бобур) боғлари 49 йил муддатга BMP Smart Decision Management тизимига ўтказилгани муносабати билан баёнот эълон қилди.

Партия матбуот хизматининг «Газета.uz»га йўллаган изоҳи «Боғлар халқники бўлиши керак!» деб номланган.

Унда айтилишича, «Адолат» депутатларидан иборат ишчи гуруҳ истироҳат боғларида ўрганишлар олиб бормоқда. «Ҳокимлик вакиллари партияни истироҳат боғлари ҳудудини муҳофаза қилишга катта эътибор қаратишини ҳамда ҳокимлик рухсатисиз ҳар икки боғ ҳудудида ҳеч қандай қурилиш ишлари олиб борилмаслигига ишонтирди», — дейилади партия хабарида.

«Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун „Адолат“ СДП истироҳат боғларини жамоатчилик муҳокамасидан сўнг ижарага бериш ва бу тартибни очиқ ва ошкора амалга ошириш зарур, деб ҳисоблайди. Бунда халқ депутатлари кенгашининг ҳам фикрини олиш мақсадга мувофиқдир», — дейилади хабарда.

«Барча қурилиш ва реконструкция ишлари жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда ташкил этилиши, доимий жамоатчилик назорати зарур ва, албатта, дарахтларга зарар етказилмаслиги керак», — дея таъкидлади партия.

Партия Тошкент ҳокимлигини «жамоат учун муҳим бўлган бундай масалалар бўйича қарор қабул қилишдан олдин жамоатчилик фикрини ўрганиш ва ҳисобга олиш, барча ташкилий жараёнларни очиқ олиб бориш»га чақирди.

BMP Smart Decision Management — Ғафур Ғулом боғини ижарага олган ва у ерда камида 10 миллион доллар сармоя киритиш мажбурияти билан реконструкция ишларини олиб борган компания. Компания муҳокама қилинаётган иккита парк учун юқоридагидек мажбуриятларни олди.

Қонунга кўра, хусусий инвестор ташаббус кўрсатиб, боғ ёки унинг бир қисмини давлат-хусусий шериклик доирасида ижарага бериши мумкин. Лекин давлат буюртмачиси инвестордан ариза олганидан кейин Маданият вазирлиги веб-сайти ва бошқа оммавий ахборот воситаларида танлов эълон қилиши керак, бироқ бундай эълон йўқ.

«Газета.uz» колумнисти Ботир Қобилов аввалроқ боғларни «норентабел» деб ҳисоблаган расмийлар хатога йўл қўяётганини, чунки боғлар одамлар учун ҳам, шаҳарнинг ўзи учун ҳам муҳимроқ эканини таъкидлаган эди. У зудлик билан боғларни сақлаб қолиш ва уларни ҳақиқий эгалари — халққа қайтаришни бошлашга чақиради.

Бир қатор жамоат арбоблари боғларни давлат мулкида қолдиришга чақирди.

Аввалроқ «Газета.uz» иккала боғни реконструкция қилиш режалари ҳақида батафсил ёзди (қуйидаги ўхшаш хабарларга қаранг).