20 октябрь куни Тошкентдаги Дўстлик боғи (собиқ Бобур истироҳат боғи) реконструкциядан сўнг қайта иш бошлади, дея хабар берди пойтахт Туризм ва спорт бош бошқармаси матбуот хизмати.

Тошкент ҳокими ўринбосарлари Фахриддин Давруков ва Фурқат Махмудхўжаев, шунингдек, Яккасарой тумани ҳокими Анвар Сайфутдинов очилиш маросимида боғнинг шовқинли аттракционларсиз, қулай ва сокин жой бўлиб қолишига ваъда беришди.

«Боғдаги таъмирлаш ишлари тўлиқ ҳажмда якунланмаганига қарамай, шаҳримиз аҳолисининг хоҳиш-истакларидан келиб чиқиб, Дўстлик боғи белгиланган муддатдан аввалроқ иш бошлади», — дейилади хабарда.

Боғда болалар, ёшлар ва катталар учун бир нечта замонавий майдончалар қурилди, юриш йўллари таъмирланди, югуриш ва велосипед йўлаклари, иккита мини-футбол стадиони, кутубхона, ёзги кинотеатр барпо этилди. Боғдаги кўлда ёриткичлар ва фавворалар ўрнатилди, махсус саҳна қурилди. Сеул ва Сиэтл боғлари ободонлаштирилди.

«Газета.uz» Ўзбекистон ҳукуматининг 2018 йилдаги қарорига мувофиқ бошланган реконструкция ишлари ҳақида батафсил ёритган эди. Боғ пойтахтдаги бошқа боғлар сингари инвесторга берилган, ташриф буюрувчилар учун ёпилиб, қуриб, қақшашни бошлаган эди.

Шаҳар аҳолиси ҳукуматдан боғни очишни талаб қила бошлагач, ҳокимият реконструкция ишларини ўз зиммасига олди. Шаҳар ҳокимлиги вакиллари аҳоли билан учрашув ўтказиб, унда таклифлар йиғилиб, уларни инобатга олишга ҳаракат қилди.

Боғ очилишида ҳокимлик вакиллари аҳолининг талаб ва истакларидан келиб чиққан ҳолда боғни ободонлаштириш ишлари давом эттирилишига яна бир бор ишонтиришди.

Фото