Президент «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги қонунни имзолади, деб хабар бермоқда Адлия вазирлиги. Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 6 ой ўтгач кучга киради.

Қонун давлат органларига ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, давлат муассасаларига, давлат унитар корхоналарига, давлат мақсадли жамғармаларига, шунингдек, устав фондида давлат улуши 50 фоиз миқдорда ва ундан ортиқ бўлган акциядорлик жамиятларига нисбатан татбиқ этилади, дейилади хабарда.

Унга давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими, манфаатлар тўқнашуви, манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш бўйича махсус бўлинма, шахсий манфаатдорлик, яқин қариндошлар каби асосий тушунчалар киритилган.

Қуйидаги шахслар давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходимига алоқадор шахслар деб эътироф этилади:

  • давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг яқин қариндошлари;
  • давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими ва (ёки) унинг яқин қариндошлари қайси юридик шахснинг устав фонди акцияларига ёки улушларига эгалик қилса, ўша юридик шахс;
  • улар қайси юридик шахсда бошқарув органининг раҳбари ёки аъзоси бўлса, ўша юридик шахс.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади.

Давлат органи ёки бошқа ташкилот ходими томонидан қонун талабларига риоя этилиши устидан назорат ушбу давлат органида ёки бошқа ташкилотда тузилган одоб-ахлоқ комиссияси томонидан амалга оширилади.

Қонунга кўра, манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги ахборотни ошкор этиш давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими томонидан мавжуд манфаатлар тўқнашуви тўғрисида хабарнома ҳамда эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисида декларация тақдим этиш орқали амалга оширилади.

Эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларацияда қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши керак:

  • давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг лавозими ҳамда унинг фамилияси, исми, отасининг исми, шунингдек, унинг ЖШШИРи;
  • давлат органи ёки бошқа ташкилот ходими яқин қариндошларининг фамилияси, исми ва отасининг исми, уларнинг ЖШШИРи (мавжуд бўлган тақдирда), шунингдек, иш жойи ва лавозими;
  • давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими ёки унинг яқин қариндошлари акциядор бўлган акциядорлик жамиятининг расмий номи ва унинг СТИРи;
  • давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг яқин қариндоши муассис (иштирокчи), бошқарув органи аъзоси бўлган юридик шахснинг расмий номи, шунингдек, унинг СТИРи.

«Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги қонун

2022 йил 10 май куни Адлия вазирлиги «Манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилганди. Қонун манфаатлар тўқнашувини тартибга солишни назарда тутади. Ҳужжатда манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги маълумотларни декларация қилиш ва олдиндан хабар бериш тартибини йўлга қўйиш, бунга амал қилмаганларни эса жаримага тортиш белгиланган. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги маъмурий баённома тузиш бўйича ваколатли орган бўлиши кўзда тутилганди.

Шу йилнинг 25 октябрида қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан иккинчи ва учинчи ўқишда қабул қилинган. Антикоррупция агентлиги раҳбари Акмал Бурхоновнинг таъкидлашича, агентлик томонидан ўтказилган ўрганишларда давлат хизматида минглаб манфаатлар тўқнашувига йўл қўйганлик ҳолатлари аниқланган, аммо ҳуқуқий асос ёки жавобгарлик белгиланмагани сабабли уларни бартараф этишда қийинчиликлар мавжуд бўлган. Шу тариқа қонун лойиҳаси Сенатга юборилган.

2023 йилнинг 1 июнида сенаторлар «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги қонунни кўриб чиққан ва маъқуллаган. Танзила Нарбаева манфаатлар тўқнашуви давлат органларидаги коррупциявий ҳолатларнинг бошланғич нуқтаси эканини қайд этганди.

«Қонун билан коррупцияга қарши кураш йўналишидаги қонунчиликда манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ бўшлиқлар ёпилмоқда, бу йўналишни қонунан тартибга солувчи аниқ механизмлар белгиланмоқда. Манфаатлар тўқнашувининг ҳуқуқий оқибатлари белгиланмоқда, яъни бундай ҳолатда қабул қилинган қарорлар ва тузилган битимлар суд ҳукми орқали бекор қилиниши мустаҳкамланмоқда», — деганди Сенат раиси ўшанда.

2024 йил январь ойида Танзила Нарбаева яна «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги қонунга изоҳ бериб, ҳозирда ҳужжатни Президент администрацияси экспертлари ўрганаётганини айтганди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурханов «Газета.uz»нинг «Мифономика» лойиҳасида манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонун президент томонидан имзоланиш босқичида эканини айтган эди.

««Манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш тўғрисида»ги қонун Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, Сенат томонидан мақулланган. Президент томонидан имзоланиши кутилмоқда. Ҳозир Президент администрациясида муҳокамада», — деганди ўшанда Акмал Бурханов.