Шавкат Мирзиёев 19 февраль куни парламент палаталарининг ваколатларини янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқлаштириш мақсадида қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритишни тасдиқлади. Ҳужжат Қонунчилик палатаси томонидан 14 ноябрда қабул қилинган, Сенат эса 19 январда маъқуллаганди.

«Газета.uz» аввалроқ ёзганидек, ўзгартиришларда Қонунчилик палатаси ва Сенат кўпчилик — депутатлар ёки сенаторлар умумий сонининг камида учдан икки қисми овози билан ўз-ўзини тарқатиб юбориш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкинлиги назарда тутилган.

Бундан ташқари, эндиликда бир шахс кетма-кет икки муддатдан ортиқ бош прокурор лавозимида ишлай олмайди. Худди шундай ўзгартириш Сенат раиси ва Қонунчилик палатаси спикерига нисбатан ҳам киритилмоқда. Ҳозирда учала раҳбар ҳам 5 йил муддатга сайланади ёки тайинланади, қайта сайланишда ҳеч қандай чекловлар йўқ.

Янги Конституцияга кўра, Сенат Қонунчилик палатасига келиб тушган қонунларни 60 кун ичида кўриб чиқади (бу муддат Конституциянинг олдинги таҳририда кўрсатилмаган, лекин парламент қуйи палатаси қарорида кўрсатилган) ва маъқулланган тақдирда, 10 кундан кечиктирмай имзолаш ва эълон қилиш учун президентга юборилади.

Агар Сенат икки ой мобайнида қонунни маъқуллаш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилмаса, Қонунчилик палатаси уни имзолаш ва эълон қилиш учун бевосита президентга юборади.

Президент 60 кун ичида қонунни имзолаши ва эълон қилиши керак (эски таҳрирда — 30 кун, лекин бу муддатга ҳар доим ҳам амал қилинмаган).

Ҳудудлардан сайланадиган ва президент томонидан тайинланадиган сенаторларнинг умумий сони 100 нафардан 65 нафарга қисқартирилди. Сенатда доимий асосда ишловчи сенаторларнинг сони йигирма беш нафаргача бўлган миқдорда белгиланди.

Сенатнинг бир қатор ваколатлари бекор қилинди, энди улар Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатлари ҳисобланади:

  • давлат бюджети ижросини назорат қилиш;
  • Ҳисоб палатасининг ҳисоботини кўриб чиқиш;
  • президентнинг тақдимига биноан бош вазир номзодини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш;
  • бош вазирнинг мамлакатни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришнинг долзарб масалалари юзасидан, шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси аъзоларининг ўз фаолияти масалалари юзасидан ҳисоботларини эшитиш;
  • Вазирлар Маҳкамасининг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг энг муҳим масалалари бўйича ҳар йилги маърузасини эшитиш ва бошқалар.

Сенатнинг мутлақ (янги ёки ўзгартирилган) ваколатларига қуйидагилар киради:

  • президентининг тақдимига биноан Конституциявий судни, Олий судни, Судьялар олий кенгашини, республика коррупцияга қарши курашиш органининг раҳбарини ва республика монополияга қарши органининг раҳбарини сайлаш;
  • бош прокурор ва Ҳисоб палатаси раиси лавозимларига номзодларни кўриб чиқиш ҳамда маъқуллаш;
  • Давлат хавфсизлик хизмати раиси лавозимига номзод юзасидан маслаҳатлашувлар ўтказиш;
  • президент тақдимига биноан Ўзбекистоннинг чет давлатлардаги ва халқаро ташкилотлар ҳузуридаги дипломатик ҳамда бошқа ваколатхоналари раҳбарларини тайинлаш ва уларни лавозимидан озод этиш;
  • вазирликларни ва бошқа республика ижро этувчи ҳокимият органларини тузиш ҳамда тугатиш тўғрисидаги фармонларини тасдиқлаш;
  • Ўзбекистоннинг чет давлатлардаги ва халқаро ташкилотлар ҳузуридаги дипломатик ҳамда бошқа ваколатхоналари раҳбарларининг ўз фаолияти масалалари бўйича ҳисоботларини эшитиш;
  • давлат органларининг мансабдор шахсларига парламент сўровини юбориш ва парламент назоратининг бошқа шаклларини амалга ошириш;
  • маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларига ўз фаолиятини амалга оширишда кўмаклашиш;
  • маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг қарорларини, улар қонунчилик нормаларига мувофиқ бўлмаган тақдирда, бекор қилиш;
  • Сенат раисини ва унинг ўринбосарларини, қўмиталарнинг раислари ва уларнинг ўринбосарларини сайлаш;
  • бош прокурорнинг тақдимига биноан Сенат аъзосини дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум этиш тўғрисидаги масалаларни ҳал этиш.

Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосарлари сони 7 нафардан 2 нафарга қисқартирилди, бу лавозимда ишлаган муддатда партия ва фракцияларга аъзо бўлиш тақиқланди. Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосарлари яширин овоз бериш орқали Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг учдан икки қисмидан кўпроғининг овози билан қабул қилинган Қонунчилик палатаси қарорига биноан муддатидан илгари чақириб олиниши мумкин.

Эндиликда Қонунчилик палатаси президент (ҳозир — бош вазир) таклифига кўра Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига номзодларни кўриб чиқади ва тасдиқлайди.

Бош вазир номзоди Қонунчилик палатаси (илгари Сенат билан биргаликда) кўриб чиқиши ва тасдиқлаши учун президент томонидан барча сиёсий партиялар фракциялари (илгари сайловда энг кўп депутатлик ўринларини олган партия) билан маслаҳатлашганидан кейин бир ой муддатда киритилади.

Ўзбекистоннинг сайлов ҳуқуқига эга бўлган, юз минг нафардан кам бўлмаган фуқаролари, Сенат, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Марказий сайлов комиссияси қонунчилик таклифларини қонунчилик ташаббуси тартибида Қонунчилик палатасига киритишга ҳақли.

Эндиликда Конституциявий суд судьялари, Олий суд раиси, раис ўринбосарлари ва судьялари, Судьялар олий кенгаши раиси, раис ўринбосари, унинг аъзолари ва котиби, республика коррупцияга қарши курашиш органининг раҳбари ва республика монополияга қарши органининг раҳбари лавозимларига сайлаш учун номзодлар президент томонидан Сенатга тақдим этилади.

Бош прокурор ва Ҳисоб палатаси раиси уларнинг номзодлари Сенат томонидан тасдиқланганидан кейин президент томонидан тайинланади.

Давлат хавфсизлик хизмати раиси лавозимига президент томонидан тақдим этилган номзод Сенат билан келишилганидан кейин президент томонидан тайинланади.

Депутат ва сенаторга 36 иш кунидан иборат йиллик ҳақ тўланадиган таътил берилади, бундан қонун ҳужжатларида кўпроқ таътил назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Қонуннинг Сенатнинг миқдорий таркиби ва қўмиталарнинг номларини, шунингдек, Қонунчилик палатаси спикери ўринбосарларининг сони ва мақомини белгиловчи юқорида қайд этилган қоидаларини амалга ошириш 2024 йилги парламент сайловлари якунлари бўйича амалга оширилиши режалаштирилмоқда.