Ўзбекистонда 30 апрель куни бўлиб ўтган конституциявий референдумга техник жиҳатдан жуда яхши тайёргарлик кўрилган, аммо унда ҳақиқий сиёсий плюрализм ва рақобат бўлмади. Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуҳуқлари бўйича бюросининг (ЕХҲТ ДИИҲБ) халқаро кузатувчилари шундай хулосага келишди.

ДИИҲБнинг чекланган миссияси референдумни кузатишни март ойи охирида бошлаган ва 1 май куни дастлабки хулосаларини тақдим этган. Миссия таркибига Тошкентдаги 10 нафар халқаро асосий гуруҳ экспертлари ва ҳудудлардаги 14 нафар узоқ муддатли кузатувчилар кирди.

ДИИҲБ миссияси раҳбари Альберт Йонссон 1 май куни матбуот анжуманида.ДИИҲБ миссияси раҳбари Альберт Йонссон 1 май куни матбуот анжуманида.
«Референдум кенг кўламли ислоҳотларнинг давоми сифатида тақдим этилди ва маслаҳатлашув жараёни қамровли бўлди, бироқ унда айрим нозик масалалар бўйича очиқ дебатлар йўқ эди», — дея маълум қилди миссия раҳбари Альберт Йонссон Тошкентдаги матбуот анжуманида.

Референдумнинг ташкил этилиши

Марказий сайлов комиссияси ўз ваколатларини самарали амалга оширди, бироқ қуйи бўғин комиссияларида бетарафлик ва мустақиллик етишмади, дейилади ҳисоботда.

Миссия экспертларининг қайд этишларича, референдум қуйи бўғин бошқаруви органларининг мустақиллиги ва холислигини маҳаллаларнинг жараёнда бир-бирига зид бўлган ҳам вакил, ҳам кузатувчи, ҳам референдум тарғибот-ташвиқотчиси сифатидаги иштироки путур етказди.

Кузатувчилар овоз берувчиларни референдум ҳақида хабардор қилиш ташвиқот-тарғиботи доирасида тарқатилган турли босма ва аудио-визуал материалларидаги конституцияга киритилаётган ўзгартишларни маъқуллаш ва референдумда иштирок этишга даъват қилиш, овоз берувчиларга тақдим этилган маълумотларнинг нейтраллик шартига путур етказганини кўрсатиб ўтишди.

Референдумда илк бор шахсни идентификация қилишнинг электрон ускуналари синовдан ўтказилди. Тошкентдаги 50 та сайлов участкасида сайловчиларнинг сайлов участкасида рўйхатга олинганини тасдиқлаш учун ID карталари ёки биометрик паспортлари сканердан ўтказилди.

Янги технологияларни босқичма-босқич жорий этиш илғор сайлов амалиётига мос келади, аммо ускунларни синаб кўриш бўйича ушбу тажриба лойиҳаси бўйича овоз берувчиларни хабардор қилиш ишлари чекланган даражада оз.

Таклиф этилаётган бу ўзгартиришлар бир тўплам сифатида овозга қўйилди, бу эса овоз берувчиларга ўзгартиришларда кўрсатилган ҳар бир алоҳида масала бўйича танлов қилиш имкониятини бермайди ва халқаро яхши амалиётга мос келмайди, дейилади хабарда.

Ташвиқот

Референдумнинг расмий ташвиқот ва тарғибот ишлари 15 мартда бошланиб, 28 апрель куни ярим тунда якунига етказилди.

Давлат томонидан референдумда иштирок этиш ва лойиҳани тарғиб қилиниши кенг миқёсда кузатилди. Конституция лойиҳасини қўллаб-қувватлаш учун очиқ ҳавода катта концертлар, йиғилишлар ва маданий тадбирлар ташкил этилди.

Тарғибот-ташвиқотларни молиялаштириш борасида зарур бўлган ваколатлар етарли даражада берилмагани сабабли, шу соҳаларни тегишли тартибга солиш юқлигига олиб келади, дея қайд этди кузатувчилар.

Шунингдек, ДИИҲБ кузатувчилари кузатган 90% ташвиқот ва тарғибот тадбирларида ногиронлар учун шароитлар яратилгани, референдум бўйича ташкил қилинган баъзи ўқув видеороликларда имо-ишора тилидан фойдаланилганини қайд этишди.

ОАВда ёритилиши

5 апрелдан бошлаб ДИИҲБ РКЧМ прайм-таймда бешта телеканал: «Oʻzbekiston», «Oʻzbekiston 24», MY5, Sevimli, UzReport ва бешта интернет ОАВ (Daryo.uz, Gazeta.uz, Kun.uz, Podrobno.uz ва Qalampir.uz) фаолиятини кузатиб борган.

Мониторинг натижаларига кўра, референдумни давлат ва тижорат телеканаллари орқали ёритишда турли муҳокама дастурлари, шунингдек, Конституция лойиҳасига киритилган айрим ўзгартиришларни тарғиб қилувчи, асосан аҳолининг муайян бир қатламлари, жумладан, ёшлар ва ўқитувчиларга қаратилган реклама роликлари эфирга берилган.

«Янгиликларда референдум бутун мамлакат бўйлаб фақат ижобий оҳангда тарғиб қилинди. Бундан ташқари, референдум ёки конституцияга киритилган баҳсли ўзгартиришлар ҳақида танқидий кўрсатувлар эфирга берилмаган», — дейилади ҳисоботда.

Эфирга узатилган турли кўрсатувлар, жумладан, янгиликлар, муҳокама дастурлари ва реклама роликларининг 87% қисми ижобий мазмунда, 13% қисми эса, бетараф мазмунда бўлди.

«Интернет нашрлари референдум ҳақида нисбатан камроқ маълумот бериб, бу ҳақда камроқ реклама роликлари эълон қилдилар», — дейилади ҳисоботда. «Умуман олганда, оммавий ахборот воситалари овоз берувчиларга холис, мулоҳазали ва танқидий ахборот бермаган».

Миссиянинг дастлабки ҳисоботининг тўлиқ версияси билан инглиз, ўзбек ва рус тилларида ушбу ҳаволадан танишиш мумкин. Кузатувчиларнинг якуний хулосалари икки-уч ой ичида эълон қилинади.

МДҲ кузатувчилари миссияси, аввал хабар қилганимиздек, Ўзбекистонда референдум «юқори ташкилий савияда, эркин ва очиқ муҳитда» ўтганини таъкидлади.