2024 йилнинг январь-апрель ойларида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 20,87 млрд долларни ташкил этди, бу 2023 йилнинг шу даврига нисбатан 1,16 млрд долларга ёки 5,9 фоизга кўп, дея хабар берди президент ҳузуридаги Статистика агентлиги.

Олтинни ҳисобга олганда экспорт 9 фоизга, яъни 8,49 млрд долларгача, олтинни ҳисобга олмаганда 5,07 млрд долларгача (+7,1 фоиз), импорт эса 12,4 млрд долларгача (+3,9 фоиз) ошди.

Ташқи савдо тақчиллиги бироз қисқарди ва минус 3,89 млрд долларни ташкил этди, бу 2023 йилги кўрсаткичга нисбатан 238 млн долларга кам.

Мамлакатга энергоресурслар етказиб бериш кескин ошганига қарамай, импорт кетма-кет иккинчи ой пасайди (бунга 2023 йилги юқори импорт базаси сабаб бўлиши мумкин, ўшанда мамлакатга кўп миқдорда самолётлар олиб келинган). Апрелда импорт 2,94 млрд долларни, мартда 3,15 млрд долларни, февралда эса 3,2 млрд долларни ташкил этди. Бу ҳам 2023 йилнинг июль ойидан бери энг паст кўрсаткич ҳисобланади (2,99 млрд доллар). Шу билан бирга, бу миқдор 2023 йилнинг апрель ойидаги импортдан (2,82 млрд доллар) юқори.

Шу билан бир қаторда, номонетар олтинни ҳисобга олмагандаги экспорт ҳам 1,35 млрд долларгача (март ойида 1,41 млрд доллар) пасайди.

Энергия ресурслари

Йил бошидан буён Ўзбекистонга кўпроқ нефть ва нефть маҳсулотлари импорт қилди — 788,3 млн долларлик, бу 2023 йилнинг шу даврига (621,7 млн доллар) нисбатан 26,8 фоизга кўп. Етказиб беришнинг асосий қисми март (244 млн доллар) ва апрель (241,4 миллион доллар) ойларига тўғри келган.

Шу билан бирга, ушбу маҳсулотлар экспорти 2023 йилнинг январь-апрелига (64,4 млн доллар) нисбатан 2,8 баравар ошиб, 179,4 млн долларга етди.

Статистика агентлиги товарлар категорияларини батафсил очиқламайди, шунинг учун қанча ҳажм нефть, бензин, дизел ёқилғиси ва бошқа ёқилғилар ҳисобига тўғри келиши номаълум.

Ўзбекистон газ импортини ҳам 3 баробарга — 462,8 млн долларгача, экспортини эса 2 баравардан кўпроққа — 52,3 млн долларгача оширди (бу ҳақда батафсил).

Мамлакатга кўмир етказиб бериш 63,3 миллион долларга (+15,7 фоиз) ва электр энергияси 67,8 миллион долларга (+39,5 фоиз) ошди.

Бошқа маҳсулотлар савдоси

Донли экинлар ва улардан тайёрланган маҳсулотлар импорти қиймат жиҳатидан 293,4 млн доллар (-43,6 фоиз), шакар, шакардан тайёрланган маҳсулотлар ва асалники 177,6 млн доллар (-5,6 фоиз), сут маҳсулотлари ва қуш тухумлариники 58,5 млн доллар (-14,8 фоиз), ўсимлик мойлари ва ёғлар импорти эса 98,3 млн долларгача (-20,5 фоиз) камайди, бунга, шу жумладан, озиқ-овқат маҳсулотларининг жаҳондаги нархлари пасайиши сабаб бўлди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон сабзавот ва мевалар импортини 180,7 млн долларгача (+45,3 фоиз), кофе, чой, какао, зираворлар ва улардан тайёрланган маҳсулотларникини 121 млн долларгача (+3,3 фоиз), гўшт ва гўшт маҳсулотлариникини 118,1 млн долларгача (+36,1 фоиз), тирик ҳайвонларникини 48,5 млн долларгача (+41,8 фоиз), ичимликлар импортини эса 52,7 млн долларгача оширди (+69,5 фоиз).

Эътиборли томони мамлакатга тиббиёт ва фармацевтика маҳсулотларини етказиб бериш ҳажми 635,4 млн долларгача (+21,3 фоиз) ошди.

Январь-апрель ойларида автомобиль етказиб бериш ҳажми 785,2 млн долларгача ошди (2023 йил мос даврига нисбатан +4,6 фоиз), шу жумладан, енгил автомобиллар импорти 577,9 млн долларга (+41,6 фоиз) етди, бироқ импорт ҳажми кетма-кет тўртинчи ойда пасайиб, апрель ойида 121,2 млн долларни ташкил этди (енгил автомобиллар импорти — 87,3 млн доллар бўлди, бу — ўтган йилнинг июнь ойидан бери минимал кўрсаткич (49,1 млн доллар). Таққослаш учун: март ойида етказиб бериш миқдори 144,8 млн доллар, февралда 216,8 млн доллар, январда 302,4 млн доллар, декабрда эса 374,2 млн доллар, енгил автомобиллар импорти эса мос равишда 107,5 млн, 160,3 млн ва 222,8 млн долларни ташкил қилган.

Рангли металлар экспорти (рангли металлар умумий ҳисобда темир, марганец ва хромдан ташқари барча металларни ўз ичига олади, уларнинг таркибига мис ҳам киради) 447,6 млн долларгача ошди, бу 2023 йилнинг шу даврига нисбатан 6,9 фоизга кўп ҳисобланади.