Чирчиқ дарёси қирғоқларида ноқонуний қум-шағал қазиш ишлари давом этмоқда, деб хабар қилди пайшанба куни Бош прокуратура матбуот хизмати.

1 май куни президент фармони билан Чирчиқ, Сангзор, Зарафшон, Норин, Қашқадарё ва Сурхондарё дарёлари ўзанларида норуда материалларни қазиб олишга муддатсиз мораторий жорий этилганди.

сув ресурслари, бош прокуратура, қум қазиб олиш, чирчиқ

Кон-тоғ саноати ва геология вазирлиги бошқа идоралар билан биргаликда тоғли ёки тоғолди (қуруқлик) ҳудудларида жойлашган конларнинг муқобил майдонларида тоғ-кон ишларини ташкил этиши, бу орқали сув ресурсларининг камайиши, дарё қирғоқларининг эрозияланиши, атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиши лозим эди.

«Афсуски, кўзланган мақсад ва белгиланган вазифаларнинг долзарблигига қарамай, мораторий талаблари айрим ҳудудларда қўпол равишда бузилиб келинаётганлиги аниқланди», — дейилади Бош прокуратура хабарида.

сув ресурслари, бош прокуратура, қум қазиб олиш, чирчиқ

Президент администрацияси, Бош прокуратура, Экология вазирлиги ва «Ҳавфсиз дарё» ДУК ходимларидан иборат ишчи гуруҳи томонидан мониторинг чоғида Тошкент вилояти Юқоричирчиқ тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи Чирчиқ дарёсининг соҳилбўйи ва сувни муҳофаза қилиш зоналарида 10 дан ортиқ тадбиркорлар мораторий талабларини бузган ҳолда, илгари Геология вазирлиги томонидан берилган лицензиялар асосида қум-шағал материалларини қазиб олишни давом эттираётгани аниқланган.

«Ачинарлиси, масъул вазирлик ва идоралар томонидан ушбу ноқонуний фаолиятни тўхтатиш, хусусан, амалдаги лицензияларни бекор қилиш чоралари кўрилмаган. Оқибатда ҳудудда Чирчиқ дарёси қирғоқлари айрим жойларда 30 метргача емирилган, сувни муҳофаза қилиш зоналари турли чиқиндилар билан ифлослантирилган ва бетартиб қазиш ишлари туфайли сизот сувлари юзага чиқиб қолиши ҳолатлари кузатилди», — дейилади хабарда.

сув ресурслари, бош прокуратура, қум қазиб олиш, чирчиқ

Амалдаги меъёрларни қўпол равишда бузган ҳолда дарёнинг соҳилбўйи ҳудудида қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи завод ҳам қурилган ва ҳозирда фаолият юритиб келмоқда, дея таъкидлади Бош прокуратура.

Эндиликда Экология вазирлиги «мансабдор шахсларнинг бепарволиги ва хўжалик юритувчи субъектларнинг ноқонуний фаолияти натижасида» атроф-муҳитга етказилган зарар кўлами ва миқдорини аниқламоқда. Ўрганиш натижаларига кўра қонуний чоралар кўрилади, дея таъкидлади ташкилот.

Давом этаётган қум қазиб олиш ҳаракатлари

Ноябрь ойида экологлар Тошкент шаҳридаги Чирчиқ дарёсининг муҳофаза зонасини ўрганиб, ўлчовлардан сўнг 57,8 минг куб метр қум-шағал ноқонуний қазилганини аниқлаганди. Зарар 34,7 миллиард сўмга баҳоланган, бироқ экспертизадан сўнг етказилган зарар миқдори ошиши мумкинлиги қайд этилган.

Апрель ойида Экологик назорат инспекцияси томонидан Тошкент шаҳрининг Сергели туманидан оқиб ўтувчи Чирчиқ дарёсининг соҳил зонасида навбатдаги рейд ўтказилиб, тадбиркор томонидан дарёнинг муҳофаза зонаси ва соҳилбўйидаги 4 гектарга яқин майдонда ноқонуний равишда норуда материаллар қазиб олингани аниқланган. Табиатга етказилган зарар миқдори 62,3 миллиард сўмни ташкил этган.

Март ойида Экология вазирлиги томонидан Қарши туманида Қашқадарё дарёси тубидан ноқонуний равишда қум-шағал қазиб олиш билан боғлиқ иккита ҳолат аниқланган. Табиатга етказилган зарар миқдори 41,5 миллиард сўмдан ортиқ деб баҳоланган. Қоидабузарлардан бири аввал ҳам шу каби жинояти учун бир неча марта жавобгарликка тортилган.

2022 йил июль ойида Сенат дарё ва сойлардаги қум ва шағалларни қазиш оқибатида сув ресурсларининг камайиши масаласини кўриб чиққанди. «Дарёларнинг эгаси йўқдек, сувнинг эгаси йўқдек… Дарё ўзанларини тозалаш, дарё ўзанларидан фойдали қазилмалар қазиб олишга қатъий чеклов ўрнатиш вақти келди, деб ҳисоблайман», — деганди ўшанда сенатор Рисқул Сиддиқов.

2023 йил июнь ойида экология вазири Азиз Абдуҳакимов вазирлик қурилиш мақсадларида дарё ўзанларидан шағал ва қум қазишни тақиқлаш ниятида эканини маълум қилган эди. Бунинг учун қум-шағал материалларини қазиб олишнинг янги манбаларини очиш зарур, деган у.

«Ҳозирда бу барча экологик талабларга зид бўлган бешафқат бизнесга айланди, — деганди вазир ўшанда. — Дарёлар шунчаки қурилиш материаллари ишлаб чиқариш манбасига айланиб қолди, табиатдан қурилиш саноатига ўтиб қолгандек. Аммо дарё ўзанларидан ҳеч қачон қурилишни норуда материаллар билан таъминлаш учун фойдаланилмаган».