Ўзбекистонда 1 майдан бошлаб Чирчиқ, Сангзор, Зарафшон, Норин, Қашқадарё ва Сурхондарё дарёлари ўзанларида норуда материалларни қазиб олишга муддатсиз мораторий жорий этилади. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгаришлари вазирлиги ҳамда Кончилик ва геология вазирликларининг таклифи президент Шавкат Мирзиёевнинг 17 январдаги қарори билан тасдиқланди.

Мораторий қўлланиладиган ҳудудларнинг чегаралари Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Дарёлар, қирғоқбўйи ва сувни муҳофаза қилиш зоналарида қум ва шағал материалларини қазиб олиш ҳуқуқи фақат E-Auksion электрон савдо майдончаси орқали амалга оширилади.

Қарор билан дарё ўзанлари, соҳил бўйи минтақалари ва сувни муҳофаза қилиш зоналаридан қум-шағал материаллари қазиб олиш ва тоғли ёки тоғолди ҳудудларда (қуруқликда) жойлашган муқобил кон участкаларида қазиш ишларини ташкил этиш тақиқланади.

Мораторий даврида дарё ўзанлари, соҳил бўйи минтақалари ва сувни муҳофаза қилиш зоналаридан қум-шағал материалларини ноқонуний қазиб олиш натижасида табиатга етказилган зарар учун ундириш суммалари 10 бараварга оширилган ҳолда қўлланилади. Табиатга етказилган зарар учун ундириш суммалари Экология жамғармасига йўналтирилади.

Ҳозирги ҳолат

Фото: Сенат матбуот хизматиФото: Сенат матбуот хизмати

Президент қарорида қайд этилишича, Ўзбекистонда қурилиш кўламининг кенгайиши ва норуда материалларга бўлган эҳтиёжнинг кескин ошиши натижасида дарё ўзанлари, соҳил бўйи минтақалари ва сувни муҳофаза қилиш зоналарида норуда материалларни қазиб олиш билан шуғулланиб келаётган тадбиркорлик субъектлари сони ортиб бормоқда.

Биргина 2023 йилда дарё ўзанларида ноқонуний қум-шағал қазиб олиш билан боғлиқ 303 та ҳолатда 268 нафар шахсга нисбатан 68 миллиард сўм миқдорида жарима қўлланилган бўлиб, шундан 42 та ҳолат бўйича 45 миллиард сўм миқдорида табиатга зарар етказилганлиги учун жиноят ишлари қўзғатилган.

Бунинг оқибатида сув ресурслари захираларининг камайиб кетиши, дарё қирғоқларининг емирилиши, сувни муҳофаза қилиш зоналарининг турли чиқиндилар билан ифлослантирилиши ҳолатлари юз бериб, суғориш тизимлари, электр энергия, транспорт ва гидротехника инфратузилма объектларига зарар етказилмоқда.

Айниқса, Чирчиқ, Сангзор, Зарафшон, Норин, Қашқадарё ва Сурхондарё каби дарёлар ўзанларидаги экологик вазият уларни қайта тиклаш ва назоратни кучайтириш юзасидан қўшимча чоралар кўришни тақозо этмоқда.

2022 йил июль ойида Сенат дарё ва сойлардаги қум ва шағалларни чуқурлаштириш натижасида сув ресурсларининг камайиши масаласини кўриб чиқди. «Худдики дарёларнинг эгаси йўқдек, сувнинг эгаси йўқдек… Дарё ўзанларини тозалаш, дарё ўзанларидан фойдали қазилмалар қазиб олишга қатъий чеклов ўрнатиш вақти келди, деб ҳисоблайман», — деганди сенатор Рисқул Сиддиқов.

2023 йил июнь ойида Экология вазири Азиз Абдуҳакимов вазирлик қурилиш мақсадида дарё ўзанларидан шағал ва қум қазишни тақиқлаш ниятида эканини маълум қилган эди. Бунинг учун қум-шағал материалларини қазиб олишнинг янги манбаларини очиш зарур, деди у.

«Энди у барча экологик талабларга зид равишда амалга ошириладиган шафқатсиз бизнесга айланди», — деганди вазир. «Дарёлар шунчаки қурилиш материаллари ишлаб чиқариш манбасига айланиб, табиатдан қурилиш саноатига ўтгандек бўлди. Аммо дарё ўзанларидан ҳеч қачон норуда қурилиш материаллари билан таъминлаш учун фойдаланилмаган».

Қўшимча вазифалар

Қарор билан Экология вазирлигига қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилди:

  • дарё ўзанларидан қум-шағал материалларини қазиб олишни «Хавфсиз дарё бошқармаси» давлат муассасаси, Давлат экологик назорат инспекцияси ҳамда Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекциясининг ўзаро ҳамкорлигини таъминлаган ҳолда мониторинг қилиш ва бу борада доимий рейдлар ўтказиш, тартибни бузган шахсларга нисбатан чоралар кўриб бориш;
  • дарё ўзанлари, соҳил бўйи минтақалари ва сувни муҳофаза қилиш зоналарида норуда материалларни қазиб олиш фаолияти билан шуғулланиб келаётган барча субъектлар томонидан тегишли мажбуриятларнинг бажарилишини қатъий назоратга олиш;
  • шартнома асосида реализация қилинган участкаларда дарё ўзанларини тозалаш ишлари якунланганидан сўнг, лойиҳа мажбуриятларининг бажарилишини жойида ўрганган ҳолда участкаларни қабул қилиш;
  • дарё ўзанлари, соҳил бўйи минтақалари ва сувни муҳофаза қилиш зоналаридаги бузилган ерларни босқичма-босқич рекулбтивация қилиш, табиий ландшафтни қайта тиклаш, ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишларини мувофиқлаштириш.

Геология вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2024 йил 1 апрелга қадар тоғ ва тоғолди ҳудудларида муқобил норуда фойдали қазилма конлари ва кичик саноат зоналарини ташкил қилиш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Бунда:

  • дарё ўзанлари, соҳил бўйи минтақалари ва сувни муҳофаза қилиш зоналарида жойлашган норуда материалларни қайта ишлаш корхоналарини тоғ ва тоғолди ҳудудларига ёки ушбу ҳудудларнинг яқинида жойлашган кичик саноат зоналарига кўчириш;
  • тадбиркорлик субъектларига шарт-шароит яратиш мақсадида қўшимча кичик саноат зоналарини ташкил қилиш ва уларда муҳандислик инфратузилма объектларини барпо этишни назарда тутади.

Рақамли технологиялар вазирлиги Экология вазирлиги, Солиқ қўмитаси ҳамда Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги билан биргаликда 2024 йил 1 октябрга қадар давлат космик мониторинги доирасида дарё ўзанлари, соҳил бўйи минтақалари ва сувни муҳофаза қилиш зоналарида норуда материалларни қазиш ҳамда дарё ўзанларини тозалаш ишлари олиб борилаётган участкаларда лойиҳадан четга чиқиш, ноқонуний қазиб олиш ҳолатларини аниқлаш ва тегишли маълумотларни ваколатли органларга тақдим этиш тизимини яратилади. Бунда:

  • Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги томонидан Экология вазирлигига — ноқонуний қазиб олишда табиий объектларга етказилган зарарни ҳисоблаш учун ажратилган майдон доирасидан ташқарида ҳамда ноқонуний қазиб олинган фойдали қазилмалар ҳажмлари тўғрисида маълумотлар;
  • Экология вазирлиги томонидан Солиқ қўмитасига — ноқонуний қазиб олинган фойдали қазилмалар ҳажми тўғрисида маълумотлар тақдим этилади.

Экология вазирлиги Сув хўжалиги вазирлиги билан биргаликда халқаро ва маҳаллий олимларни жалб қилган ҳолда 2024 йил 1 июнга қадар Чирчиқ дарёси ўзанини экологик реабилитация қилиш бўйича комплекс лойиҳасини ишлаб чиқсин ва уни тасдиқлаш бўйича тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини киритсин.

Дарё ўзанларини тўпланиб қолган норуда материалларидан тозалаш тизимини тартибга солиш ва такомиллаштириш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланади.