24 октябрь куни Тошкентнинг Чилонзор туманида жойлашган Ғафур Ғулом боғи «Dream Park» номи билан қайта очилганди. Шундан сўнг, боғнинг инглизча номланиши кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди.

Хусусан, тилшунос Ориф Толиб мазкур янгиликка ўзининг Telegram каналида «юз мингдан ортиқ ўзбекча сўз ичидан шу боғга муносиб ном топилмаганини» ёзиб пост қолдирди.

«Ўзбек боғига ўзбекча ном ярашмайдими? …Ўзбекча ном қўйса, ярашмайди ё замонавий кўринмайди деб ўйлашгандир, балки. Инглизчалаб Dream Park деса modern toʻking бўлади-да, а (Ҳеч қурса, „Орзулар боғи“ де, „Орзу“ боғи де. Йўқ, албатта, ажнабий от қўйилиши керак. Ўзи ҳаммаёқ шунақа хорижий номларга тўлиб кетяпти. Ҳеч бўлмаса, оммавий масканларга ўзбекча от қўйинглар, барака топкурлар», — деб ёзади у.

Шунингдек, журналист Илёс Сафаров тил департаменти ва унинг раҳбари Собир Шукуровга бир қатор саволларни ёзиб қолдирди.

Чилонзор тумани ҳокимининг Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш бўйича маслаҳатчиси Ботир Расулов берган маълумотларга кўра, боғнинг номланишига расман ўзгартириш киритилмаган.

«Боғ номини ўзгартириш ҳақида Географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича туман комиссияси номига ариза келиб тушмаган. Албатта, бу борада жамоатчилик фикри ҳам эътиборга олинади. Боғ олдин аталган номи Ғафур Ғулом номидаги боғ бўлиб қолади», — дея Ботир Расуловнинг сўзларини келтирмоқда ҳокимият матбуот хизмати.

Эслатиб ўтамиз, Ғафур Ғулом боғи бошқарувини қўлга киритган BMP Smart Decision Management вакили боғ 2022 йилнинг ёз ойларида очлишини маълум қилганди. 25 июлда Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзолари боғда амалга оширилган ишларни кўздан кечириб, у 1 сентябрда фойдаланишга топширилишини эълон қилинганди, лекин бу ҳам амалга ошмади. Шундан сўнг, «Газета.uz» Паркни 49 йилга ижарага олган BMP Smart Decision Management компанияси вакили билан суҳбатлашиб, иш жараёнидан фоторепортаж тайёрлаганди.