Буюк Британия экспорт вазири Майк Фриер ўтган ҳафта Ўзбекистонга ташриф буюрди. Мамлакатнинг Ўзбекистондаги элчихонаси хабарига кўра, бу Бирлашган Қироллик савдо котибининг Ўзбекистонга илк ташрифи бўлди. Вазир билан биргаликда Британия ишбилармонлари делегацияси, жумладан Лондон фонд биржаси, Standard Chartered банки, Arup компанияси ва TheCityUK топ-менежерлари ҳам келди.

Майк Фриер бош вазир ўринбосари инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов, молия вазири ўринбосари Одилбек Исоқов билан музокаралар ўтказди. Шунингдек, у Олмалиқ кон-металлургия комбинати раҳбари Абдулла Хурсанов ва Uzbekistan Airports бошқаруви раиси Раъно Жўраева билан ҳам учрашди.

2021 йилда икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 65 фоизга, Ўзбекистондан Буюк Британияга экспорт ҳажми эса 2,5 баробарга ошди, дея хабар берди Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати. Жорий йилнинг январь-апрель ойларида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 68 фоизга ошди.

ИТСВ маълумотларига кўра, бунга Бирлашган Қиролликнинг преференциялар бош тизимининг кенгайтирилган схемасининг («GSP Enhanced Framework») бенефициари мақомини олиши катта ёрдам берди. Майк Фриер ўзбек товарларини Британия бозорига етказиб бериш ҳажмини оширишдан манфаатдорлигини билдирди.

Томонлар Ўзбекистонда экспортга йўналтирилган қўшма ишлаб чиқаришларни яратишга британиялик инвесторларни жалб этиш; Британия компанияларининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, чорвачилик, биофармацевтика, тўқимачилик саноати, ахборот-коммуникация технологиялари ва яшил энергия бўйича лойиҳалардаги иштироки масалаларини муҳокама қилдилар;

Бундан ташқари, учрашувда Буюк Британия Ўзбекистонни техник қўллаб-қувватлашини салоҳиятли йўналишлари, хусусан, иқтисодиёт ва савдони либераллаштириш бўйича ислоҳотларни амалга ошириш, шунингдек, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишига кўмаклашиш масалалари кўриб чиқилди.

Молия вазири ўринбосари Одилбек Исоқов билан бўлиб ўтган музокараларда евробондлар чиқариш ҳамда Ўзбекистон йирик давлат компаниялари ва банкларининг акцияларини Лондон фонд биржасига жойлаштириш масалалари муҳокама қилинди. Standard Chartered ва UK Export Finance компаниялари марказий ҳукумат маблағларини қўллаб-қувватлаш, капитал бозорларига кириш, инвестицияларни жалб қилиш ва давлат активларини бошқариш самарадорлигини оширишга қизиқиш билдирди. TheCityUK компанияси Ўзбекистон капитал бозорини ривожлантириш йўналишида ҳамкорликни кучайтиришга тайёр эканликларини билдирди.

Қайд этилишича, ОТМК раиси Абдулла Хурсанов билан учрашувда ОТМК акцияларини Лондон фонд биржасида дастлабки жойлаштириш ва хорижий капитални жалб қилиш имкониятлари кўриб чиқилди.

Uzbekistan Airports раҳбари Раъно Жўраева Майк Фриер билан Британия муҳандислик ва архитектура компаниялари, банклари ва UK Export Finance компаниясининг Ўзбекистонда аэропортлар ва терминаллар қуриш бўйича янги лойиҳаларда иштирок этиш имкониятларини муҳокама қилди.